Кеча, 4 февраль куни Бухоро шаҳар, И.Каримов кўчаси йўл ёқасида жойлашган 8 қаватдан иборат бўлган уйнинг 3-қаватидаги хонадонда газни сизиб чиқишини натижаси портлаш юз бергани ҳақида хабар берган эдик.
Ижтимоий тармоқлар орқали “Горгазда портлаш” сарлавҳаси остида видеолар тарқтилди. Ушбу ҳолат юзасидан “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали матбуот хизмати муносабат билдириб, нотўғри маълумотларга аниқлик киритди.
“Buxoroshahargaz” газ таъминоти бўлимининг аввалги биноси “Садриддин Айний” МФЙ, Ислом Каримов кўчасида жойлашган эди. Шунинг учун ушбу ҳудуд халқ тилида бугунги кунга қадар “Горгаз” деб аталади. Таъкидлаш лозимки, ҳозирда шаҳар газ таъминоти бўлими биноси Ҳофиз Таниш Бухорий кўчаси, 12-уйда жойлашган ва фавқулодда ҳолат бу ерда содир бўлмаган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, ижтимоий тармоқда тарқалган мазкур ҳодиса қурилиши тугалланмаган кўп қаватли уйнинг 3-қаватида табиий газ ва ҳаво аралашмаси чақнаши содир бўлган.
“Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиалининг “Газ тармоқлари объектларини техник жиҳатдан тартибга солиш” бўлими маълумотига кўра, ушбу кўп қаватли бино табиий газ тармоғи тизими фойдаланишга қабул қилинмаган ва табиий газ билан фойдаланишга рухсат берилмаган. Дастлабки маълумотларга кўра, газ тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш содир этилган.
Айни дамда “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали бошлиғи Ў. Абдиев ва бошқа ташкилот мутасаддилари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, “Hududgaz Buxoro” газ таъминоти филиали эслатиб ўтади, газ тармоқларига уланиш газ таъминоти ташкилотининг рухсати билан амалга оширилади. Газ қувурларига ўзбошимчалик билан уланиш фавқулодда ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлиши мумкин, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ҳодисада 12 киши жабрланган бўлиб, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.






