Аввалроқ, 2 февраль куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг кенгайтирилган ҳайъат йиғилишида қўмитанинг бир қатор ходимлари ишдан олингани ва бу рўйҳатда қўмитанинг Матбуот хизмати котиби Бунёд Абдуллаев ҳам борлиги хабар қилинган эди. Матбуот котиби ўзининг ҳам бу «рўйхатга тушиб қолиши»га икки ҳафта аввал «юқоридан келган ғалати топшириқ» сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.
Айни пайтда Бунёд Абдуллаев ишдан кетганини маълум қилди.
"Бугун Давлат экология қўмитасидан ишдан кетдим. Қўллаб-қувватлаганларга катта раҳмат! Батафсил кейинроқ..." - деб ёзиб қолдирган у.
Бир неча кундан бери ОАВ ва соҳага яқин инсонлар назарида бўлаётган ушбу масала юзасидан Фейсбукнинг Халқ билан мулоқот гуруҳида Наргис Қосимова пост қолдирди:
“Ижобий натижаларга эришаётган ходим нега лавозимдан бўшатилди? Ишчиларнинг йўл ва овқат пули нега бекор қилинди?”
“Ўзбекистон Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг жамоатчилик ва ОАВлар билан алоқалар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Бунёд Абдуллаев Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Лондондаги “Edgware” академиясини тугатган. Мутахассислиги халқаро журналист. 2013 йилда интернет фестивалда ва 2014 йилда “Олтин қалам” халқаро танловида ғолиб бўлган. У 2020 йилда экология қўмитасида фаолият бошлагач, қисқа муддатда соҳа бўйича кўзга кўринарли ишларни амалга оширди. Айниқса, ижтимоий тармоқда фаоллашиб, экологияга оид муаммолар жойида ҳал қилина бошлади, ОАВда сифатли тарғибот олиб борилди. Нафақат республикамизда, ҳатто вилоятларда ҳам экология йўналишидаги тарғибот ишлари анча ривожланди. Лекин шунча натижаларга эришганига қарамасдан Б.Абдуллаевни ноҳақ ишдан олишди. Йиллик кўрсаткичлар юқори даражада бўлса, ижтимоий тармоқдаги танқид ва мурожаатлар жавобсиз қолмасдан ижобий ҳал қилинаётган бўлса, нима сабабдан ишдан олишди? Биз тизим ходимлари бундан норозимиз ва Б.Абдуллаев лавозимида қолишини сўраймиз.
Айни пайтда экология қўмитасига илгари пахта саноатда ишлаган шахс раҳбарлик қилмоқда. У кадрларнинг кўпини собиқ пахта саноати вакилларига алмаштирмоқда. Муаммо шундаки, уларнинг аксари экологияни тушунмайди.
Бунинг устига, ишчилар учун йўл ва овқат пули бекор қилинди. Кўпчилик ходимлар кредит тўлаб оила тебратади. Моддий етишмовчилик эса коррупцияга йўл очиши мумкин.
Қўмита раҳбарияти ишчилар моддий рағбатига ҳам эътибор қаратади деган умиддамиз".
Ҳозирга қадар Экология қўмитаси сайтида ва унинг ижтимоий тармоқлардаги каналларида бош вазирнинг биринчи ўринбосари иштирокидаги йиғилиш ҳақида ёки Бунёд Абдуллаев ҳолатига ҳам изоҳ берилганича йўқ.
Шунингдек, бу бўйича Президент администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг расмий баёноти ҳам берилмади.






