Жорий йилда уй-жой қурилиши учун давлат томонидан ҳам аҳолига, ҳам қурувчиларга катта имтиёзлар берилиши кутиляпти. Бу ҳақда айни пайтда бўлиб ўтаётган Президент видеоселекторидан хабар қилмоқда “Даракчи” мухбири.
“Жорий йилда ипотека кредити бўйича 6 ойлик имтиёзли давр киритилади. Шаҳарларда дастлабки бадал миқдори 20 фоиздан 15 фоизга туширилади. Паст даромадли, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга 15 фоизлик дастлабки бадалнинг 10 фоизи субсидия сифатида тўлаб берилади. Яъни, аҳоли уй олиш учун дастлабки бадалнинг 5 фоизини тўлайди, холос.Кредит олган аҳоли учун фоиз тўловларининг Тошкент шаҳрида 12 фоизи, бошқа ҳудудларда 10 фоизидан юқори қисмига субсидия берилади”, - деди Президент.
Мисол учун, қишлоқларда 54 квадрат метрли квартира (ўртача 216 миллион сўм) олмоқчи бўлган оила 33 миллион сўмлик дастлабки бадалнинг фақат 11 миллион сўмини тўлайди, 22 миллион сўмини эса давлат беради.
Бу оила имтиёзли даврда ойига 1 миллион 500 минг сўм кредит тўласа, қолган 1 миллион 100 минг сўмини ҳар ой давлат қоплаб беради.
Шунингдек, қурувчи ташкилотларга пандемия даврида берилган имтиёзлар жорий йил якунигача узайтирилади. Жумладан, Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан қурувчи ташкилотларга уй-жой қуриш учун жалб қилган кредитлар бўйича 20 миллиард сўмгача кафиллик ҳамда Марказий банк асосий ставкасидан ошган қисмига компенсация берилади.
Мавзуга доир:
Ҳокимларга бир квадрат метр уй нархини 4 миллион сўмдан оширмаслик вазифаси юклатилди