Аввал хабар берганимиздек, бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан АОКАда "Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик" мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ вазият, вакцинация жараёнларига тайёргарлик ҳақида гапирди.
— Ҳар бир вакцина тегишли 3 босқичли синовлардан муваффақиятли ўтганидан сўнггина қўллашга тавсия этилади. AstraZeneca/Oxford вакцинаси ҳам тегишли синовлардан ўтган ва ЖССТ ҳам уни фавқулодда қўллаш бўйича тавсия қилган.
Биз бир вакцинани маъқуллаб, бошқасини рад этиш фикридан йироқмиз.
Хабарингиз бор, биз фақат AstraZeneca/Oxford вакцинасинигина эмас, бошқа вакциналардан ҳам фойдаланишни режалаштирганмиз. “Спутник V” вакцинасидан 1 миллион доза олиб келиш тўғрисида музокаралар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида яратилган ZF-UZ-VAC2001 вакцинамиз ҳам бор.
Шунингдек, Хитой вакцинасини олиб келиш бўйича ҳам музокара олиб борилмоқда.
Биз фуқароларимизни бирор вакцинани олишга мажбурламаймиз. Улар истаган вакцинаси билан эмланиши мумкин.






