АсосийЖАМИЯТ

Метрода қарийб 40 йил фавқулодда ҳолат кузатилмаганми? Нега энди тез-тез кузатиляпти? Метрополитен раҳбари жавоб берди

Метронинг Сергели йўналишида, “Новза” ва “Миллий боғ” бекатларида электропоезднинг тўхтаб...

'Метрода қарийб 40 йил фавқулодда ҳолат кузатилмаганми?  Нега энди тез-тез кузатиляпти? Метрополитен раҳбари жавоб берди'ning rasmi

Метронинг Сергели йўналишида, “Новза” ва “Миллий боғ” бекатларида электропоезднинг тўхтаб қолгани, Сергелида икки поезднинг тўқнашиб кетгани, шунингдек, Чилонзор йўналишидаги “Пушкин” ва “Буюк ипак йўли” бекатлари оралиғида метро вагони эшигини ёпмасдан ҳаракатланганию, кеча электр ўчиб қолгани... Сўнгги икки ой ичида Тошкент метрополитенида кузатилаётган бу каби ҳолатлар сабаби нимада? Нега охирги пайтлар улар тез-тез содир бўляпти? 1977 йилда очилган Тошкент метрополитенида илгари бундай вазиятлар кузатилмаганми ёки ошкор қилинмаганми? Кеча 7 май куни Тошкент метрополитенига қилинган пресс-тур чоғида мана шундай саволларга жавоб олишга уриндик.

Бу – техника. Унинг рисоладагидек ишлашига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Носозликлар бўлиб туриши табиий. Муҳими, бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, қисқа муддатда улар бартараф қилиняпти”, - дейди Тошкент метрополитен унитар корхонаси раҳбари Ойбек Худойқулов.

— Деярли 40 йил мобайнида кузатилмаган ҳолатлар нега сўнгги 2 ойда тез-тез кузатиляпти?

— 40 йил мобайнида бу ҳолатлар оммавий ахборот воситаларида олиб чиқилмаган. Поезд тўхтаб қолиш ҳолатлари, эшиклар очилмай қолиш каби ҳолатлари бўлган, лекин яқин кунлардаги каби ваҳимали ҳолатлар кузатилмаган. Хозир ҳамманинг қўлида телефон. Тасвирга олманглар демаяпмиз. Юртдошларимиз сурат, видеолар олишиб, ҳолатни ўзлари истаганча талқин қилиб, тарқатиб юборишмоқда. Фавқулодда вазиятларда йўловчиларни туннел бўйлаб олиб чиқиш ҳам бутун жаҳонда кузатиладиган ҳолат. 

— Эшик очиқ қолган ҳолат-чи?

— Тўғри. Эшик очилиб қолган ҳолат кузатилди. Вагон эшиклари ғилдирак айланиши ҳисобига очилиб-ёпилади. Балки, бирор нарса ғилдиракни тўхтатиб қолгандир. Ёки бошқа сабаби бордир. Бундай вазиятларда жамоатчилик назорати ҳам муҳим. Агар йўловчилар бу каби ҳолатга гувоҳ бўлсалар, ҳар бир вагонда ўрнатилган тугмачани босиб, машинистга хабар беришлари мақсадга мувофиқдир. 

— Замон тезкорлик талаб қилади. Балки, бунга расмий муносабатнинг кечиктирилаётгани сабаб бўлаётгандир. Ўз вақтида ҳолатга ойдинлик киритилса, вазият енгиллашмайдими?

— Ўз вақтида муносабат билдиряпмиз. Мана, масалан, кеча содир бўлган ҳолат бўйича бугун муносабат берилди. 

— Лекин бу жуда кеч.

— ...

Шунингдек, Ойбек Худойқулов ҳамюртларимизни текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди:

Метрода бирор нарса содир бўлса, бу ҳақида ўша заҳоти метрополитен ҳодимларидан изоҳ олиш мумкин. Савол билан уларга юзланса, жавоб беришади. Баъзи ҳолларда вазият умуман бошқача талқин қилиняпти. Масалан, куни кеча иккита поезднинг қўшилган ҳолда турганини камерага олиб, поезд келиб урилди деб тарқатишди. Ваҳоланки, Чорсу бекатида бошланган ишни Беруний метро бекатига борганда тасвирга олишган. 5–6 километр юриб келаётган таркибни бир оз ваҳимали қилиб тарқатишган. Яна бир ҳолат: Энг охирги бекат — Буюк Ипай йўли, Беруний, Олмазор, Дўстлик бекатларимизда кечқурун қоладиган таркиблар келади-да, эртанги йўлига тушиб олиш учун чиқиб-кириб ҳаракатланади. Бу 365 кун қилинадиган “манёвр”. Бу бизнинг ишимиз. Ҳатто шуни ҳам тасвирга олиб, ўша ердаги ходимлардан бир оғиз тушунтириш сўрамасдан интернетга чиқариб юборишяпти”.

Маълумот учун, Тошкент ҳалқа ерусти метро йўлининг 2-босқичи Қўйлиқ бозоридан Тошкент шаҳрининг Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Катта ҳалқа йўли, Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги Хонобод кўчаси ҳамда Сергели туманининг Қипчоқ кўчасидан ўтиб, Сергели линиясининг 5-бекатига уланади ҳамда Янги ҳаёт туманига етказилади. 15 километрлик умумий узунликка эга ушбу участкада 9 та бекат қуриш режалаштирилган.

Шунингдек, режага кўра Тошкент ҳалқа ерусти метрополитени линиясининг умумий узунлиги 54,8 километрдан иборат бўлиб, мавжуд Ўзбекистон, Сергели, Чилонзор ҳамда Юнусобод йўналишларига тўғридан-тўғри уланади.

 

Сардорбек РАҲМОНҚУЛОВ суҳбатлашди

    Бошқа янгиликлар