Тошкент метросининг Сергели йўналиши "5-бекат" станциясида электр таъминотининг узилиши юзага келди. Ҳолат юзасидан "Тошкент метрополитени" УК изоҳ берди.
Маълум қилинишича, кеча, 18 май куни соат 15:25 да шаҳардан электр таъминотининг узилиши содир бўлган, бу эса Тошкент метрополитенининг Сергели йўналишидаги "5-бекат" станциясидаги электр таъминоти тизимига ҳам таъсир кўрсатди. Электр таъминоти 15:39 да тикланди.
"Таъкидлаб ўтамиз, ушбу ҳодиса метро поездлари ҳаракатига таъсир кўрсатмади, чунки ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, контакт релслар захира қувват манбаига эга", - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, сўнги вақтларда Тошкент шаҳар йўловчилари метрополитен хизматларидаги қатор муаммолар гувоҳига айланишмоқда. Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени билан боғлиқ камчиликлар ҳақида кўп маротаба ёзиб келишмоқда. Жумладан,
18 март куни “Олмазор” (Чилонзор йўли) ва “Бекат-1” (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашуви.
8 апрель куни Сергели ер усти метросида поезд ярим йўлда тўхтаб қолди.
9 апрел куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди.
Шу билан бирга метрополитендаги ер ости ва ер усти поезд ҳаракатларининг бир нечта бошқа видеолари ҳам ижтимоий тармоқларда кўп бора муҳокама қилинди. Бугун эса, туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар релеслар орқали ҳаракатланиб бекатга етиб олишгани тасвирланган.