Сўнги кунларда, жорий йилнинг 13 майида Андижон вилояти, Андижон туманида ҳомиладор аёлга нисбатан содир этилган зўравонлик жинояти аҳоли ўртасида шов-шувга сабаб бўлиб, ижтимоий тармоқларда турли талқинлар, миш-мишлар ва салбий изоҳларни келтириб чиқармоқда. Ҳодиса юзасидан ИИВ Ахборот хизмати расмий маълумот тақдим этди.
Келтирилишича, шу йилнинг 14 май куни Андижон тумани ИИБга, шу туман яшовчиси, 2002 йилда туғилган, фуқаро О.О. мурожаат қилиб, бир кун олдин 13 май соат тахминан 16.00ларда Андижон тумани Қорақалпоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган дала шийпонида ўзига таниш бўлган икки эркак томонидан зўрланиб, жинсий алоқада бўлганлигини баён қилган.
Дарҳол, воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, белгиланган тартибда кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатлари ва тезкор тадбирлар амалга оширилган. Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118 моддаси 1 қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари Андижон вилояти ИИБ томонидан амалга оширилмоқда. Ишга Ички ишлар вазирлигининг алоҳида мутахассислари жалб этилган.
Ҳозирда, воқеа жойидан олинган ашёлар, биологик излар, жабрланувчи ва гумонланувчиларга тегишли кийимлар далил тариқасида олиниб, суд-тиббий экспертиза, судга оид биологик экспертиза ва судга оид физика-техникавий экспертизалар тайинланган.
Шунингдек, жабрланувчи О.О.нинг кўрсатмасига кўра, унга зўрлик ишлатган ҳамда жинсий алоқада бўлганлиги важ қилинаётган олти нафар гумонланувчи фуқароларнинг кўргазмалари, воқеанинг хронологик тартиби ҳамда мавжуд гувоҳларнинг баёнотлари тўлиқ ўрганилмоқда. Воқеа юзасидан гумонланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари, дастлабки суд тиббий экспертизасининг натижалари ҳамда жабрланувчининг кўрсатмалари ўртасида жиддий тафовутлар борлиги сабабли, қўшимча тергов ва тезкор ҳаракатлари амалга оширилмоқда.
Мазкур жиноятни фош этиш жараёни Ички ишлар вазирининг шахсан назоратида бўлиб, ҳолат тўлиқ ўрганилмоқда. Терговнинг якуни бўйича ҳар бир иштирокчининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади ҳамда айбдорлар учун жазо муқаррарлиги таъминланиши кафолатланади. Бу ҳақда жамоатчиликка ўз вақтида ва батафсил эълон қилинади.
"Шу муносабат билан фуқароларимиздан ҳамда ижтимоий тармоқ фаолларидан мазкур масала юзасидан ноўрин ва ҳақиқатдан йироқ маълумотларни тарқатмасликларини, асил вазиятдан бехабар одамлар орасида шов-шувга сабаб бўлувчи ваҳималарни чиқармасликларини сўраймиз", - дейилади расмий хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳодиса юзасидан "Даракчи" ҳам ўз суриштирувини олиб бормоқда.






