Аввалроқ, 11 июнь куни “ЙПХ ходимлари ДСИ бошлиғи ўринбосарини ўлдириб қўйишгани” ҳақида хабар берган эдик. Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизматининг хабар қилишича, Сенат ушбу ҳолатни ўз назоратига олган.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги расмий муносабат билдириб, унда фуқаро Азиз Аҳмедов бошқарувидаги Cobalt русумли автотранспорт воситаси светафорнинг қизил чироғидан тўхтамасдан ўтиб, ходимларнинг тўхташ ишорасига бўйсунмасдан, автотранспортда юқори тезликда ҳаракатланиб яширинмоқчи бўлганлиги, шундан сўнг йўл қатнов қисмининг ўртасида тўхтаб, ҳайдовчи автотранспортни ташлаб, пиёда қочишга уринганлигини маълум қилган. Бу борада вазирлик интернет тармоқларида ҳолат тасвирга туширилган видеоматериални ҳавола этган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Каттақўрғон тумани прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов харакатлари олиб борилмоқда. Ҳолат юзасидан якуний хулоса, тергов жараёнлари ўз ниҳоясига етгандан сўнг маълум бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мазкур ҳолат бўйича ўрганиш натижалари бўйича маълумотларни кенг оммага эълон қилади. Ўз навбатида, қўмита қонун бузилиш ҳолатининг ҳар қандай кўринишига муросасиз эканлигини билдиради.






