Хабарингиз бор, Жаҳон Чемпионати саралаш босқичи 8-тури учрашувида Ўзбекистон Саудия Арабистонига мағлуб бўлди. Бу билан Ўзбекистон ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати 2-саралаш босқичидан ўта олмади. Икки кундирки, муҳокама ва танқидлар майдонига айланган мазкур ҳолат бўйича ЎзПФЛ раҳбари Диёр Имомхўжаев муносабатини билдирди.
"Ўзбекистон МТЖ саралаш учун йиғинни 21 май куни бошлади, Саудия эса 31 май куни. Якунда 10 кун кейинроқ йиғилган жамоа 3 та тўп фарқи билан ғолиб чиқди.
Саудияни европалик мураббий бошқаради ва доим ФИФА кунларини ҳамда жамоаларнинг унга бўлган муносабатларини ҳурмат қилади, Купер ҳам шундай эди. Абрамов эса якунда ўзининг қанчалар савиясиз эканини кўрсатди (аслида бунгача ҳам 2 марта кўрсатиб, Пекин ва Лондон олимпиадаларидан четда қолишимизга сабабчи эди).
Юқоридаги 10 кунлик ЎзПФЛ режаларига таъсир ўтказади. Биз мавсумни 30 ноябрдан ўтказмай тугатиш ниятида эдик. Куз ойидаги 3 та ФИФА кунларини инобатга олиб тузган тақвимимизда, кубок финали 5 декабрга тўғри келади. Албатта, олдинда бизни нималар кутаётганини вақт кўрсатади. Чунки биз Ўзбекистон термасининг куз ойидаги режалари ҳақида билмаймиз", - дея ёзиб қолдирган Имомхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоасининг бош мураббийи Вадим Aбрамов ЖЧ-2022 саралаш босқичида терма жамоа муваффақияцизликка учрагани сабаб у эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши кутилаётгани хабар қилинган.






