Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 23 июнь куни Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси томонидан Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида “Замонавий тадбиркор - Янги Ўзбекистоннинг таянчи” мавзусида “Очиқ мулоқот” бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, Савдо-саноат палатаси тизимида ёшлар ҳам алоҳида ўрин эгаллаган бўлиб, Палата томонидан 14 та ўқув маркази фаолияти йўлга қўйилган. Малакали мутахассислар ва тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда 103 мингдан ортиқ аҳоли тадбиркорликка ўқитилди.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки Давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 25 декабрдаги ёшлар билан учрашувда берилган топшириқ асосида, ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ва бизнесга йўналтириш бўйича бу йилнинг ўзида 48 ва 150 соатлик ўқув дастурлари бўйича 140 мингдан ортиқ ишсиз ёшлар тадбиркорлик асосларига ўқитилиб, бизнесга йўналтирилиши мақсад қилиб олинган.
Ўтган давр мобайнидаги яна бир муҳим ўзгариш сифатида давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан, Палата ҳузурида дунёнинг нуфузли университетларидан бири бўлган “Туркия иқтисодиёт ва технологиялар университети”нинг Тошкент филиали ташкил этилганлигини таъкидлашимиз мумкин. Университетни ташкил этиш орқали мамлакатимизда “халқаро бизнес ва тадбиркорлик”, “электрон тижорат ва технологияларни бошқариш”, “архитектура ва дизайн”, “компьютер муҳандислиги”, “интерьер архитектураси” каби йўналишларда кадрлар тайёрлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.






