Туркманистонда 18 ёшдан катта одамлар учун коронавирусга қарши мажбурий эмлаш жорий этилмоқда, деб хабар қилди ҳукуматнинг "Нейтральный Туркменистан" газетаси, дея ёзмоқда Риа Новости.
"18 ёшдан катта бўлган барча одамлар, агар COVID-19 га қарши профилактик эмлашни олиш учун тиббий қарши кўрсатмалар бўлмаса, улар эмланадилар", - дейилади Туркманистон Соғлиқни сақлаш ва тиббий саноат вазирлиги ахборот марказида.
Вакцинанинг ҳар қандай таркибий қисмларига аллергик реакцияси бўлганлар, эмизиш даврида ҳомиладор аёллар ва 18 ёшгача бўлган одамлар, шунингдек, иситмаси юқори бўлган, ўткир ва сурункали касалликлар мавжуд бўлган шахслар эмлашдан озод қилинади.
Шунингдек, мамлакатда COVID-19 га қарши профилактика вакциналарининг зарур заҳираси яратилганлиги ва аҳолини ушбу инфекцияга қарши профилактик эмлашлар билан қамраб олиш ишлари давом этаётгани қайд этилди.
Ундан олдин, бир неча ой давомида, Туркманистонда хавф гуруҳидаги одамлар ва қариялар коронавирусга қарши ўз хоҳишига кўра эмланган. Норасмий маълумотларга кўра, одамлар Россия ("Спутник V") ва Хитой вакциналари билан эмланмоқда.
Туркманистонда коронавируснинг янги турини юқтирган ҳолатлар қайд этилмаган, дейди расмийлар. Шу билан бирга, мамлакатда ниқобли режим ва савдо, хизмат кўрсатиш ва транспортга қатор чекловлар жорий этилди. Ҳозирда баъзи чекловлар бекор қилинди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистонда 18 ёшдан ошганларни коронавирусга қарши мажбурий эмлаш жорий этилгани хабар қилинган эди. Куни кеча бўлиб ўтган брифингда Нурмат Отабеков Ўзбекистонда ҳам коронавирусга қарши маэбурий эмлашни жорий қилиш лозимлиги ҳақида гапирган эди.






