Сўнгги вақтларда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва "Женоа" клуби аъзоси Элдор Шомуродов билан Римнинг "Рома" клуби қизиқаётган эди. Римликлар ҳамюртимизни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара олиши ҳақида хабар ҳам берган эдик.
Бироқ, "Рома" клуби раҳбарияти Элдорга катта ишонч билдирди ва унинг трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олди. Келишув 17,5 миллион еврога амалга ошди. Энди Шомуродов 2026 йилнинг 30 июнига қадар “бўри”лар шарафини ҳимоя қилади.
"Рома" фаолиятимда олдинга силжишни англатади: мен бу футболкага муносиб эканлигимни исботлаш ва дунёнинг энг машҳур клубларидан бирида ўз ўрнимни топиш учун астойдил ҳаракат қиламан. Музокараларнинг тез якунлангани менда мураббийимиз Жозе Моуринио шогирдлари сафига қўшилиш истагимнинг кучли эканлигидан дарак беради”, - деди Шомуродов римликлар билан шартнома имзолагандан кейинги биринчи интервьюсида.
Бунгача Ўзбекистонда “Машъал”, “Бунёдкор” ҳамда Россиянинг "Ростов" жамоаларида тўп тепган Шомуродов ўтган мавсум Италиянинг "Женоа" клубига кўчиб ўтди. A сериядаги илк мавсумида у 32 та ўйинда майдонга тушди ва 8 та гол киритди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Шомуродов 49 та ўйин ўтказиб, 22 та гол урган.
Элдор Шомуродов "Рома" сафида 14-рақам остида тўп тепади.






