АсосийJamiyat

56 ёшли эркак ва унинг ўғлини калтаклаган Олмалиқ шаҳар собиқ ҳокимининг ўғли билан боғлиқ жиноят иши тугатилган

'56 ёшли эркак ва унинг ўғлини калтаклаган Олмалиқ шаҳар собиқ ҳокимининг ўғли билан боғлиқ жиноят иши тугатилган'ning rasmi

2020 йил октябрда Олмалиқ ҳокимининг ўғли ўртоқлари билан 56 ёшли эркак ва унинг ўғлини калтаклагани ҳақида хабар қилган эдик.

Ушбу жиноят иши айблилик масаласи ҳал этилмай туриб тугатилган эди. 10 нафар шахс ўзаро ярашиб олганини айтиб киритган илтимоснома суд томонидан қаноатлантирилган.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ бир неча шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатган эди.

Олий суд матбуот хизматидан маълум қилишларича, ЖИБ Яккасарой туман суди томонидан жиноят ишини кўриб чиқиш жараёнида тарафлар ўзаро ярашиб олгани ҳамда бир-бирига нисбатан даъвоси бўлмагани сабабли барча судланувчилар ўзларига оид жиноят ишини тугатишни сўраб, судга илтимоснома билан мурожаат қилган.

Шунга асосан, суднинг 2021 йил 12 августдаги ажрими билан Жиноят кодекси 277-моддасининг турли қисм ва бандлари билан айбланган жами 10 нафар шахс Жиноят кодексининг 65-моддасига мувофиқ жиноий жавобгарликдан озод этилиб, уларга оид жиноят иши Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-бандига асосан айблилиги ҳақидаги масала ҳал қилинмай туриб, ҳаракатдан тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, юқоридаги воқеа видеоси пайдо бўлишидан олдинроқ ҳокимнинг ўғли Тошкент кўчаларида 150 км/соат тезликда автомобил ҳайдагани ҳам маълум бўлганди

Маълумот учун, муштлашув видеоси тарқалганидан бир неча кун ўтиб, Усмон Раҳимов Олмалиқ шаҳри ҳокими лавозимидан озод этилганди.


 

    Бошқа янгиликлар