АсосийJamiyat

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ҳоким бўлган пайтларини ёдга олди

'Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятига ҳоким бўлган пайтларини ёдга олди'ning rasmi

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги аҳоли билан учрашувлардан сўнг, Шавкат Мирзиёев бугун Самарқанд вилоятига етиб келди.

Ташриф вилоят аҳолиси билан учрашувдан бошланди, дея хабар бермоқда “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.

Айни пайтда бўлиб ўтаётган йиғилиш аввалида у ислом оламининг беназир мутафаккири Имом Мотуридийнинг: “Ўтган ҳаётингни ўзинг учун муаллим деб бил”, деган ўгитини келтириб, Самарқандда ҳоким бўлиб ишлаган йилларини ёдга олди.

Самарқандда ҳоким бўлиб ишлаган йилларимда Ботир Валихўжаев, Ҳасан Нормуродов, Ибройим Раупов, Ҳайдар Кенжаев, Усмонхон Алимов, Таънаберди Қурбонов, Алишер Мардиев,Тўхта Худойназаров, Фармон Тошев, Барот Нодиров, Яхшинор Аллаёров, Зойир Зиёев, Темур Ширинов каби кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга бўлган инсонлар иштирокида жамоатчилик кенгаши тузган эдик. Мен бу кенгашни “Фидойилар кенгаши” деб атардим. Чунки бу одамлар том маънода фидойи инсонлар эди. Кенгаш аъзолари билан ҳар ҳафтада битта туманга бориб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга киришар эдик”, - дейди давлат раҳбари. 

Унинг изоҳлашича, ҳозирги кунда барча раҳбарлар учун фаолият мезонига айланган халқ билан мулоқот, инсон қадр-қимматини улуғлаш, “маҳаллабай” ишлаш тизимининг дастлабки куртаклари ўша вақтда пайдо бўлган. Ўша пайтлар вилоятнинг аксарият туманлари, айниқса, Нуробод ва Қўшработ туманларида шароит оғир бўлган. Лекин турли қаршилик ва эътирозларга қарамасдан, биринчи марта ғалланинг режадан ортиғини мана шу туманларда қолдиришга эришилган.

Шунингдек, президент маҳаллий маблағлар ҳақида ҳам сўз юритди.

Вилоятда ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун маблағ етишмасди. Фақат марказдан пул ажратилса, ҳоким бир ишни бошлаши мумкин эди. Ана шу аччиқ тажрибамиздан келиб чиқиб, мана, ҳозир ҳудудларимизга молиявий масалаларда кенг эркинлик беряпмиз. Ўша йиллари Пахтачи туманидаги 24-мактаб, Қўшработ туманидаги яна бир эски мактаб ва Оқдарёдаги туғруқхонани қандай қийинчилик билан таъмирлаганимиз ҳали-ҳали эсимдан чиқмайди. Ана шу ишлар учун 50 фоиз маблағ вилоят бюджетидан ажратилган, қолгани эса ҳашар йўли билан бажарилган эди. Вилоятдаги кўплаб бунёдкорлик ишлари шу тарзда олиб борилди. Маҳдуми Аъзам, Хожа Дониёр, Ҳазрати Довуд зиёратгоҳлари бунга мисол бўла олади”, - деди у.

“Иложимиз қанча, ҳаёт қонуни шундай экан”. Мана шу гаплар билан Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидан етишиб чиққан Самарқанд нуронийларининг етакчиси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов, кейинги ўн беш йил давомида Ўзбекистон мусулмонлари идорасига раҳбарлик қилиб келган муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов, буюк истеъдод эгаси, атоқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев, тарихчи олим Мавлон Жўрақулов, жонкуяр шифокорлар Нурмамат Абдуллаев, Ҳожи Улуғов каби буюк шахсларни ҳам эслаб ўтди. 

    Бошқа янгиликлар