ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди ташвиқот йиғилишида Қашқадарё вилояти ривожига кучли туртки бериш, бу ерда яшаётган аҳолига муносиб иш ўринлари ва турмуш шароитини яратиб бериш бўйича энг муҳим вазифаларга тўхталиб ўтди, дея маълум қилди “Даракчи” мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
"Мен жуда кўп рақамларни айтяпман. Эътибор беринг, биргина Қашқадарёнинг ўзига оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида йилига 1 триллион сўм, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча 100 миллион доллар, вилоятдаги тадбиркорларга кредит фоиз тўловларини компенсация қилишга қўшимча 100 миллиард сўм ажратилади.
Сизлардан илтимос, мен айтаётган рақамларни ёзиб боринг, чунки бу маблағлар манбаси аниқ. Қолаверса, булар қоғозда қолиб кетмаслиги керак. Қашқадарё халқининг фаровонлигига, вилоятда тадбиркорлик ривожланишига хизмат қилсин.
Одамлар бугун натижа кутяпти. Бунинг учун ишсизлик ва камбағаллик билан жиддий курашишимиз керак", - деган Шавкат Мирзиёев.






