3 октябрь куни соат 11:00 ларда, Тошкент шаҳар, Бектемир тумани ТХАЙ кўчасида "Кобальт" ҳаракатланиб келаётган вақтда, қайрилиб олиш жойида йўлига чиқиб кетган "Спарк" автомобилига урилиб кетмаслик мақсадида рулни ўнг томонга буриб, йўл четида турган пиёда уриб юборгани ҳақида хабар берилган эди.
ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармасининг маълум қилишича, тезкор-тергов тадбирлари давомида воқеа жойини тарк этган “Спарк” автомобилининг давлат рақамлари 10 Л 690 WА бўлганлиги аниқланган. Автомобилни ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 39 ёшли С.И. бошқарган.
Ҳозирга вақтда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси 2-қисми прим.5 (“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши”), ҳамда 135-моддаси 2-қисми (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) бўйича баённома расмийлаштирилган. Автомобил жарима майдончасига жойланган.
Мазкур факт асосида олиб борилган терговолди ҳаракатлари давом этмоқда. Фактлар аниқлангач, йўл-транспорт ҳодисасининг барча иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.






