Хабарингиз бор, бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти ҳокими сайёр қабулига борган фуқаро ва уларнинг самимий суҳбати акс этган видео кенг тарқалди.
Мазкур видеода имконияти чекланган фуқаро ўзига ногиронлик аравачаси кераклигини айтади, унинг самимийлиги Самарқанд вилояти ҳокимини хурсанд қилиб, Эркинжон Турдимов унга уйини ҳам таъмирлаб беришларини, ҳаттоки уйлантириб қўйшларини таъкидлайди.
Жумладан, ҳоким масъулларга "Косибчилик учун жой қуриб берасан, ҳамма керакли жиҳозлар билан таъминлайсан", дея топшириқ беради.
Йигитнинг "Буларингиз бермайди, барибир ухлатади", деган сўзлари ҳокимнинг самимий кулгусига сабаб бўлди.
Шундан сўнг, орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан мурожаатчи Ойбек аравачага эга бўлди. Шунингдек, чиройли таъмирланган уй уни ҳаяжонига сабаб бўлди. У видео давомида бундай бўлишини етти ухлаб тушига кирмаганлигини айтади. Йигитнинг сўзларига кўра, у сайёр қабулдан наф чиқишига ишонмаган.
"Бунака бўлиши етти ухлаб тушимга кирмаган эди ", - деган эди ҳоким қабулига бориб, орзулари амалга ошган йигит, ўшанда.
Айни пайтда Қаттақўрғон ҳокимлиги Ахборот хизматининг хабар беришича, ўша суҳбат пайтида Турдимов уйлантириб қўйишни ваъда берган этикдўз Ойбек Мадатов уйланди!
Орзулари амалга ошган бу оқкўнгил ва самимий йигитга биз ҳам бахт тилаб қоламиз.






