Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида солиқ инспекцияси бошлиғи 1-ўринбосари А.А ИИБ ходимлари билан бўлган вазиятда вафот этгани ҳақида хабар қилинган эди.
Шундан сўнг мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қонуний кўриб чиқиш учун Каттақўрғон туман судига юборилган эди.
Айни вақтда Олий суд матбуот хизмати хабар беришича, мазкур солиқ инспекцияси мулозимининг вафотида айбланган икки нафар ИИБ ходимига нисбатан суд хукми ўқилди.
Бугун, 3 декабрь куни, жиноят ишлари бўйича Каттақўрғон туман суди биносида судланувчилар М. Кучкаров (1987 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Каттақўрғон тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаси бошлиғи лавозимида ишлаган) ва Ш. Рахимбердиев (1990 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 4-отряд катта инспектори лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман суди раиси И. Ғуломов раислигида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра М. Кучкаров ва Ш. Рахимбердиев Жиноят кодексининг 102-моддаси (эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш) 1-қисми ва 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Судланувчилар 2 йил ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, уларнинг ҳар бирига 2 йил 10 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Ушбу жиноят иши бўйича жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканликлари тушунтирилди.
Мазкур ҳукм устидан тарафлар ҳукм эълон қилинган кундан эътиборан йигирма сутка ичида, судланувчилар ва жабрланувчилар ҳукм нусхасини олган кундан эътиборан шу муддат ичида Самарқанд вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти бериши ёки прокурор протест бериш ҳуқуқига эга эканликлари маълум қилинади.