Бир муддат аввал Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари юзасидан кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтаётгани ҳақида ёзгандик.
Тадбирдан Президент матбуот котибининг хабар қилишича, келгуси йилда деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратилади.
Мутасаддиларга ишни тўғри йўналишларда ташкил этиш учун қуйидагича топшириқ берилган:
- келгуси йил 1 апрелга қадар қишлоқ хўжалиги ерларини ҳисобга олиш ишларини якунига етказиш;
- ер балансидаги фарқ бўйича ер майдонларининг эгаси ва аниқ тоифасини белгилаб бериш;
- 38 мингта субъектга тегишли ер ажратиш ҳужжатлари тўлиқ бўлмаган 1 миллион гектар майдоннинг ижара шартномаларини расмийлаштириш;
- ер ажратиш тўғрисидаги барча қарорларни хатловдан ўтказиб, уларнинг эгаси, манзили ва чегарасини аниқ белгилаб, кадастр идораларига бериш;
- деҳқон хўжаликларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ишларига 20 миллиард сўм ажратиш.