АсосийЖАМИЯТ

Чилонзордаги “Shovotlandia” кафесини ёқиб юборганлар умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Нега? (видео)

Шу йилнинг 27 февраль куни Чилонзордаги кафелардан бирида катта ёнғин содир бўлгани ҳақида...

'Чилонзордаги “Shovotlandia” кафесини ёқиб юборганлар умрбод озодликдан маҳрум қилинди. Нега? (видео)'ning rasmi

Шу йилнинг 27 февраль куни Чилонзордаги кафелардан бирида катта ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик. 

Кейинроқ Чилонзордаги кафе ёнғинида беш киши ҳалок бўлгани, уни ёқиб юборган шахс ушлани ҳақида ёзгандик. 

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида туман суди раиси Зафар Бобонов раислигида  “Shovotlandia” кафесини ёқиб, 5 кишининг умрига зомин бўлган икки нафар судланувчига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилиб, уларга ҳукм ўқилди.

36 ёшли судланувчи илгари таркибида бир неча уюшган жиноий гуруҳлар мавжуд бўлган қуролли жиноий уюшмани бошқариб, “авторитет” деган ном чиқарган. Шу боис содир этган жиноятлари учун судланиб, жазони ўташ жараёнида ўзи билан битта Жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаган 26 ёшли судланувчи билан танишиб қолади. У билан яқин муносабатларда бўлиб, ўзининг жиноят оламидаги “авторитети”дан фойдаланиб, 26 ёшли судланувчи томонидан ўзини “босс” сифатида қабул қилинишига эришади. 26 ёшли судланувчи жазони ўтаб чиққач, уни ўзи ишлаб келаётган Зангиота тумани, “Эшонгузар” қўрғонидаги чойхонага норасмий равишда ишга олади. 26 ёшли судланувчи молиявий таъминот жиҳатидан унга тобе бўлганлигидан фойдаланиб, ҳар қандай, шу жумладан жиноий топшириқларини ҳам сўзсиз бажаришига тайёрлаб келган.

Бир фуқаро телефон орқали 36 ёшли судланувчига мурожаат қилиб, “Эдди” лақабли шахс унинг қариндошидан пулини бўлиб-бўлиб бериш шарти билан 5 дона “Iphone 11 pro” русумли уяли телефон аппаратларини олиб, эвазига муайян миқдордаги пулларни тўлаб, қолган 4.000 АҚШ долларини бермай юрганлигини, ўзининг “жиноят оламида”ги авторитет сифатидаги имкониятларидан фойдаланиб, шу пулларни ундириб беришда ёрдам сўраган. Сўнг 36 ёшли судланувчи ўзининг бу “хизмати” учун “жиноят олами”да жорий қилинган тартиб-қоидаларга мувофиқ яъни ёрдам сўраб мурожаат қилиб келгани учун гапига “жавоб бериши” кераклиги қабилида, телефон орқали ёрдам сўраган шахсдан нархи 1.500 АҚШ долларини ташкил қилувчи охирги русумдаги “Iphone” русумли телефон беришини талаб қилиб, товламачилик килган.

Шу орқали улар ўртасида низоли муносабатлар вужудга келган. 36 ёшли судланувчи ундан ўч олиш мақсадида 26 ёшли судланувчи билан биргаликда пухта жиноий режа тузишган. Унга кўра, 26 ёшли судланувчи ярим тунда жиноий режасини амалга ошириш учун елим идишга солинган 5-6 литр миқдоридаги бензинни олиб, таксида “Shovotlandia” миллий таомлари кафеси яқинига етиб боради. Ўз қилмишининг ижтимоий хавфли хусусиятини тўлиқ англаб ва бу қилмишларнинг ижтимоий оқибатларига кўзи етган ҳолда аввал кафе ҳовлисидаги ёғоч кроватлар ва деразаларга елим идишдаги қолган бензинни сепиб чиқади. Шу предметларни ёқиб юбориб, сўнг ичига бензин жойлаштирилган шишаларнинг оғзига тиқин сифатида фойдаланилган латталарнинг осилиб турган тепа қисмини ёқиб, шиша идишларни бирин-кетин кафенинг тез ёнувчи, асосан ёғоч материалидан ясалган эшик ва дераза томонларига улоқтириб, кафе биноси турғун ёниб, олов авжига чиққанлигига амин бўлганидан сўнг кафе биносидан узоқлашади.  

Натижада, кафе биноси ва унинг ичидаги хусусий мулк бўлган ошхона жиҳозлари тўлиқ ёниб кетиб, бино ичида ухлаб ётган 23 ёшли икки нафар йигит, 60 ёшли икки нафар аёл, 22 ёшли қиз суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаларига кўра, ис газидан заҳарланиш фонида тананинг 100 фоиз 3-4 даражали термик куйиши оқибатида вафот этишган.

Суд ҳукм қилди

36 ёшли судланувчи Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а,в,д,ж,п” бандлари, 165-моддасининг 1-қисми, 173-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали, узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

26 ёшли судланувчи  Жиноят кодекси 97-моддаси 2-қисмининг “а,в,д,ж,п” бандлари, 173-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилди. Жиноят кодекси 59-моддасининг 4-қисми тартибида тайинланган енгилроқ жазоларни умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали, узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиноят кодекси 60-моддасининг 3-қисми тартибида, жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2014 йил 11 июлдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган муддатини қўшишда, енгилроқ жазони умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан қоплаш орқали, узил-кесил умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

    Бошқа янгиликлар