Андижон вилояти Марҳамат туманидаги мактаблардан бирида ўқитувчилар ота-оналар олдида тик туриб кечирим сўрашга мажбур қилингани ҳақида хабарлар ва ўқитувчиларнинг бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов ҳам “Ҳеч бир устоз ва мураббийларимиз ундай ҳолатга тушишларига йўл қўймайман, зеро сизнинг олдингизда шарафли меҳнатингизни қадрлаган ҳолда таъзимдамиз”, - дея фикр билдирди.
Халқ таълими вазири Бахтиёр Саидов Марҳамат туманида ота-оналар олдида узр сўрашга мажбур қилинган ўқитувчилар билан учрашиш мақсадида Андижон вилоятига борди.
Вазирлик Ахборот хизматининг маълум қилишича, ўқитувчилар билан ўтказилган бевосита суҳбат натижаларига кўра, мактаб директори ҳамда Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудирини вазифасидан озод этиш бўйича хулосага келинди.
Шунингдек, бугун Андижон вилояти ҳокимлигида бўлиб ўтган “Ҳокимлик соати” йиғилишида вилоят ҳокими туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарини лавозимидан озод қилиб, туман ҳокимига “Ҳайфсан” интизомий жазосини белгилаган.






