Айни кунларда Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастури бўлиб ўтмоқда. Куни кеча ижтимоий тармоқларда хонанданинг концерт жараёнида ўз мухлислари билан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео кенг тарқалди ва ҳамон кескин танқидларга сабаб бўлмоқда.
Аввалроқ Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Юлдуз Усмонова концертидаги ҳодиса сабаб ўрганиш ўтказиши ҳақида ёзгандик.
Шунингдек, Маданият вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, “Халқлар дўстлиги” санъат саройида бўлиб ўтаётган концертнинг 12 март кунидаги дастурида техник носозлик туфайли саҳна пардаси тўлалигича очилмай қолган ва бунга томошабинлар эътироз билдирган. Хусусан, улардан бири қўпол оҳангда бақирган. Натижада Юлдуз Усмонова буни ҳақорат деб тушунган ва эмоцияга берилиб кетиб, концертга ташриф буюрган томошабинларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган.
"Шуни қатъий таъкидлаймизки, санъаткор ҳар қандай ҳолатда ҳам ортиқча ҳис-ҳаяжонга берилмай, вазиятни тўғри баҳолай олиши, ўзини тута билиши, муомала маданияти, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши, айниқса, саҳнада, мухлислар билан мулоқот жараёнида уларга нисбатан самимий муносабатда бўлиб, ҳурматини жойига қўйиши шарт. Бу унинг маънавий бурчи ҳисобланади. Маданият вазирлиги ушбу тартиб-қоидаларга зид равишда қилинган ҳатти-ҳаракатларни ҳеч қачон ёқламайди ва кескин қоралайди",-дейилади хабарда.
Шунингдек, вазирлик томошабинларга ҳам мурожаат қилди.
"Албатта, концерт-томоша жараёнларида томошабинлар чекига тушадиган масъулият ҳам борки, юртдошларимиз масаланинг ушбу жиҳатига ҳам эътибор қаратишлари зарур. Яъни, санъаткордан маданият талаб қиладиган, унга эътироз билдирадиган жамият, айни пайтда, жамоат жойида ўзини тутишни билмайдиган, этика қоидаларини қўпол равишда бузиб, омманинг маданий ҳордиқ олишига, кайфиятига салбий таъсир ўтказадиган ва халақит қиладиган томошабинларни тартибга чақириб, керак бўлса, уларга танбеҳ бериши ҳам лозим. Шунда ҳаммаси адолатдан бўлади",-дейилади унда.






