АсосийJamiyat

Юлдуз Усмонова концертида томошабинларга нима учун бақирган эди? Изоҳ берилди

'Юлдуз Усмонова концертида томошабинларга нима учун бақирган эди? Изоҳ берилди'ning rasmi

Хабарингиз бор, ижтимоий тармоқларда хонанданинг концерт жараёнида ўз мухлислари билан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео кенг тарқалди ва ҳамон кескин танқидларга сабаб бўлмоқда. Сал аввал Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Юлдуз Усмонова концертидаги ҳодиса сабаб ўрганиш ўтказилишини маълум қилди. 

"darakchi.uz" вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида Усмонованинг яқин инсони, қўшиқларининг шеърлари муаллифи ва концерт муҳаррири Лола Собирова билан боғланди. 

"Бу йилги концерт дастури ҳам жуда чиройли бошланган эди. Негадир ўша куни техник носозликлар туфайли саҳна пардасини кўтариб-туширадиган мослама ишламай қолди. Ва натижада парданинг бир қисми осилган ҳолатда қолди. Юлдуз Усмонова эндигина она ҳақида қўшиқни бошламоқчи эди ҳамки, бирданига залда ғала-ғовур кўтарилиб кетди. Биз ҳам нима бўлаётганини англолмай қолдик. Чиндан ҳам одамлар шовқин кўтариб юборгани учунуларнинг сўзларини тушиниш имкони йўқ эди. Одамлар орасида кимдир “Пастга” дегандай пардани назарда тутиб, ишора қилса, Юлдуз Усмонова буни “Саҳнадан пастга тушиб, уни расмга олишларини илтимос қилишяпти” деб тушунди. Агар мухлислар орасдан биргина одам, шовқин кўтармасдан секингина келиб саҳнадаги носозлик ҳақида айтганида олам гулистон эди. Бу вазиятда хонандани ҳам тўғри тушуниш керак. Ахир Юлдуз Усмонова йиллик ҳисоботини, имтиҳон топширяпти. Бундан ташқари шанба, дам олиш кунлари бир кунда икки маротаба концерт қўйдик. Юлдуз Усмонова ҳамма гап саҳнадаги пардада эканлигини билганидан сўнг мухлисларидан узр ҳам сўради. Аммо бу гапларни видеони тарқатганлар табиийки кесиб ташлашган. Ҳатто дастур ниҳоясига етгач, “Нима учун менга гап парда ҳақида кетяпти деб айтмадиларинг”, дея бизга ҳам дакки бердилар.  Юлдуз опа ҳар бир мухлисини ҳурмат қилади. Айнан шу туфайли ҳам уларнинг топшириқлари билан концертимизнинг ҳар бир меҳмонига юзланиб, “Қўшиқлар сизга манзур келяптими? Белгиланган дастур тугагач, яна қайси тароналарни қўшимча тинглашни хоҳлайсизлар” деб шахсан ўзим сўраб юрибман. Бу ерда мухлисларга нисбатан ҳеч қандай гина йўқ. Бошқа тарафдан хонанда ҳам меҳнати қадрланмаётгандек туйилгани учун томошабинлардан ранжиди. Хуллас, аслида бир-бирини ҳурмат қиладиган икки томон ўртасида тушунмовчилик вужудга келди, холос", - дея изоҳ берди Лола Собирова. 

 Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолатга Маданият вазирлиги ҳам муносабат билдирган. 

    Бошқа янгиликлар