Айни пайтда бўлиб ўтаётган Президентнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида мутахассислиги иқтисодчи бўлган Беҳзод Мусаевнинг соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинлангани сабаби айтиб ўтилди. Бу ҳақда "darakchi.uz" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.
"Нима учун мен иқтисодчини вазир қилиб қўйдим? Трансформация жараёни кетяпти. Биз соҳадаги ҳисоб-китобни жойига қўйишимиз керак" — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг қайд этишича, 2022 йилнинг ўзида соҳага бюджетдан 24 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 4 баробар кўп маблағ йўналтирилмоқда.
Ўтган беш йилда шифохоналар ва тез тиббий ёрдам пунктларини дори-дармон, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ажратилаётган маблағлар 12 баробар кўпайтирилди. Халқаро молия ташкилотларидан 700 миллион доллардан зиёд маблағлар жалб қилинди.






