2022 йил 1 майдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда фаолият олиб бораётган шифокорларнинг ойлик иш ҳақига 2 миллион сўмдан қўшимча устама тўланади. Бу ҳақда Айни пайтда бўлиб ўтаётган Президентнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан очиқ мулоқотида маълум қилинди, дея хабар бермоқда "darakchi.uz" мухбири Сардорбек Раҳмонқулов.
Шунингдек:
- ушбу шифокорларга ипотека асосида уй-жой сотиб олиш харажатининг 50 фоизгача қисми маҳаллий бюджетлардан қоплаб берилади;
- бундан буён олис ва чекка ҳудудда узлуксиз уч йил ишлаган шифокор клиник ординатурага имтиҳонсиз қабул қилинади.
- аҳоли имтиёзли йўлланма билан, нафақат давлат шифохоналарига, балки ўзи танлаган хусусий клиникаларга ҳам бемалол бориши мумкин бўлади. Даволаниш учун ажратилган маблағ эса, беморнинг ортидан боради;
- энг зарур бўлган дори-дармон воситалари нархини камида 30 фоизга арзонлаштириш бўйича барча чораларни кўрилади;
“Такрор айтаман – биз учун тиббиёт масканининг мулк шакли муҳим эмас. Энг асосий мақсадимиз – одамларимизнинг соғлиғини асраш, уларнинг дардига дармон бўлишдан иборат”, - деди президент.






