АсосийJinoyat

Турин политехника университети талабасини бир мушт билан ўлдириб қўйган йигитга суд ҳукми ўқилди(видео)

'Турин политехника университети талабасини бир мушт билан ўлдириб қўйган йигитга суд ҳукми ўқилди(видео)'ning rasmi

Турин политехника университети олдида 18 ёшли икки йигит ўртасидаги жанжал оқибатида бир талаба ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.

Унга кўра, 2021 йил 25 ноябрь куни тахминан соат 13.00 да Турин политехника университетининг дарвозаси ёнида бир нечта ёш йигитлар учрашишган. Келишмовчилик натижасида 18 ёшли А.Р. (талаба эмас) 18 ёшли Ш.Р.нинг (Турин политехника университети талабаси) юзига мушт билан урган. 

Зарба натижасида Ш.Р. ерга йиқилган ва етган шикастлар оқибатида ҳаётдан кўз юмган. 

Ушбу жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида судья Жамолиддин Нажимов раислигида кўриб чиқилди. 

Суд тиббиёт экспертизасининг хулосасида, фуқаро мурдасида “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош мия тўқимаси ва пардалари остига қон қуйилишлари, лунж, юқори ва пастки лаб шиллиқ қаватлари ва милкларига ўчоқли қон қуйилишлари” каби тан жароҳатлар аниқланган. Бу тан жароҳатлар ўтмас, қаттиқ жисм таъсирида, ўлимдан бироз олдин етказилган. Ўлим билан тўғридан-тўғри боғлиқликка эгалиги ва ОҒИР тоифадаги тан жароҳатлари туркумига кириши кўрсатилган.

Суд мажлисида судланувчи айбига тўлиқ иқрор бўлди. 

— Қўшним билан телефонлашиб, у ўқийдиган Турин Политехника университети олдига бордим. У ерда қўшним ва бошқалар билан гаплашиб турдик. Ўз ишларим бўйича қўшним билан бирга у ердан кетдик. Кейин қўшним билан Беруний метроси олдида ўз ишлари билан юрганимда танишим телефон қилиб, менга “Ўқишда болалар уришишаётган экан, сан уришмаяпсанми?” деди. “Йўқ, мен қўшним билан Беруний метросидаман, борайми?” десам “келавер” деди. “Турин Политехника” университети асосий кириш дарвозаси олдига бошқарувимда бўлган ижарага олган автомашинамда қўшним билан бирга бордик. Машинани автомашина турадиган жойга қўйганимда менга қўнғироқ қилган танишим ким биландир уришаётганлигини кўрдим. Қўшним мендан олдин у томонга югуриб кетди. Машинани қўйиб, танишим билан уришаётган болани олдига бордим. Унга “Нима бўляпти ока?” деганимда у “Сиз аралашменг” деди. “Сиз билан уришаётган бола мени ўртоғим, бекордан бекорга ўқишдан ҳайдалиб кетманглар, 3000 доллар контракт тўлагансизлар” дедим. У гапларимни эшитмади. Унга “Санга проблема керакми, манга проблема керакмас” деганимда, у “Аралашманг” деб сўкди ва стойкага туриб олди. Сўкканлиги учун бир маротаба юзига урдим. У ёнбошига ерга асфальтга йиқилди. Сўнг машинам тарафга юрдим. Орқамдан менга қўнғироқ қилган танишим ва қўшним келишди. Машинага ўтириб, машинани бошқариб йўлни нариги бетига ўтиб, машинани тўхтатганимда, ҳалиям ерда ётганини атрофида одам кўпайиб кетганини кўрдим. Шу сабабли қўрққанимдан у ердан кетиб қолдим. Қаерга боришни билмадим. Бироз ўтиб, ИИБ ходими танишимга телефон қилиб, Олмазор тумани ИИО ФМБ 4 сонли ИИБга чақиришди. Яни бироз вақт ўтиб, бошқа одам телефон қилиб, уйимни олдига келишимни айтди. Бу орада машинам бузилиб қолди. Машинани қолдириб, сўнг уччаламиз Олмазор тумани Ниязова кўчасидаги уй олдига бордик. У ерда ИИБ ходимлари 4-сонли ИИБга олиб боришди, – дейди судланувчи.

Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан ЖКнинг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган шахс 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

    Бошқа янгиликлар