1

Юлдуз Усмонова концертидаги "парда" можаросига ойдинлик киритилди

ЖАМИЯТ 25.03.2022, 16:52
Юлдуз Усмонова концертидаги "парда" можаросига ойдинлик киритилди

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ўзининг концерт дастурида мухлислари билан қўпол муносабатда бўлгани акс этган видео кенг тарқалди ва жамоатчилик томонидан кескин танқидларга сабаб бўлди. Мазкур ҳолатга Маданият вазирлиги ҳам муносабат билдирди. 

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Юлдуз Усмонова концертидаги ҳодиса сабаби бўйича ўрганиш ўтказишини  маълум қилган эди.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Матбуот хизматининг darakchi.uz га хабар беришича, ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари тугатилган.

Мазкур ўрганиш ишлари ушбу концерт дастурини ташкил этган “MEDIA MY GRAND” масъулияти чекланган жамияти раҳбарияти, “Халқлар дўстлиги” санъат саройи маъмурияти ҳамда хонанда ва унинг продюсери шахсан иштирокида ўтказилган.

Унга кўра, “MEDIA MY GRAND” МЧЖ “Халқлар дўстлиги” санъат саройида жорий йилнинг 10-25 март кунлари хонанда, Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонованинг яккахон концерт дастурини ўтказишни режалаштирган бўлиб, бу бўйича Тошкент шаҳар Оммавий тадбирларни ўтказиш бўйича комиссиянинг (25.10.2021 йилдаги) 198 – сонли (ММ-1 тоифали) рухсатномаси олинган.

Жорий йилнинг 12 март куни концерт дастурининг кечки сеансида бадиий дастурнинг 2-блогида хонанда томонидан “Она” қўшиғи куйлаш жараёнида, саҳнадан пастги ўриндиқларда ўтирган номаълум томошабин тарафидан хонандага баланд овозда мурожаат қилинган, аммо хонанда мазкур мурожаатнинг мазмунини тушунмаган. (Юлдуз Усмонова: мендан қандайдир қўшиқни сўради деб ўйладим) Хонанда томонидан қўшиқни қуйлаш давом эттирилган. Бироқ, залда ўтирган бир нечта томошабин баланд овозда хонандага такрор мурожаат қилгандан сўнг, бу орада бошқа томошабинлар баланд овозда хонандага мурожаат қилаётган томошабинларга эътироз билдиришни бошлашган, хонанда томошабинлар ўртасида жанжал чиқмаслиги учун куйлашни тўхтатиб, нима масала бўлаётганлигига ойдинлик киритган. (Юлдуз Усмонова: концертни атай бузиш учун, томошабинларга ҳалақит бериш мақсадида, “заказной” ёлланган “томошабин”лар деб ўйладим)

Хонанда Ю.Усмонова бошқа томошабинларга ҳалақит бераётганларга ҳиссиётга берилган ҳолда, қаттиқ гапирганлигини, у ўша пайтдаги асл вазиятни нотўғри тушунганлигини, мухлисларини жуда яхши кўришини, томошабинларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини ҳурмат қилишини, унинг айтган сўзлари мухлисларига тегишли эмаслигини, ўша кундаги тушунмовчилик учун узр сўрашини таъкидлаб ўтган.

Таъкидланишича, концерт ташкилотчиси ҳисобланган “MEDIA MY GRAND” МЧЖ раҳбарияти “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси (Истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари) ҳамда 19-моддаси (Ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари) талаблари мазмуни билан таништирилиб, концерт дастурида томошабинларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларини таъминлаш борасида тушунтиришлар берилган.

Шунингдек, “MEDIA MY GRAND” МЧЖ раҳбарияти қонцерт дастурида томошабинларнинг истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқлари тўлиқ таъминланишини кафолатлаб, ноқулай об-ҳаво туфали “Қамчиқ” довонининг ёпилганлиги муносабати билан, водий вилоятларидан белгиланган кундаги концерт дастурида иштирок эта олмаган томошабинларга, келиб мурожаат қилган кундаги сеансга киришини таъминланаётганлигини маълум қилган.

Федерация томонидан хонанда Юлдуз Усмонованинг сўзларида касб этикаси ва одоб-аҳлоқ қоидаларига риоя қилинмаганлик ҳолати (лицензия талабларига риоя қилиш) юзасидан тегишли сўров кўриб чиқилиши учун Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва “Ўзбекконцерт” давлат муассасига юборилди, - дейилади Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Матбуот хизмати маълумотида.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1