1

Бош прокуратуранинг иш вақтида вафот этган ходимининг оиласига нафақа пули тўлаб бериладиган бўлди

ЖАМИЯТ 29.03.2022, 14:06
Бош прокуратуранинг иш вақтида вафот этган ходимининг оиласига нафақа пули тўлаб бериладиган бўлди

Қарийб бир йил аввал, 2021 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими прокурори лавозимида ишлаб келган Самир Раҳмонов 33 ёшида вафот этган эди. 

Марҳум ходимнинг отаси ўғли хизмат вазифасини бажараётган вақтда иш жойида вафот этгани, тўрт нафар вояга етмаган фарзандлари боқувчисиз қолса-да, унинг оиласига қонунга асосан кафолатланган нафақа пуллари тўлаб берилмаётганини билдирди. 

Шундан сўнг, Меҳнат инспекцияси ҳам ҳолатни ўрганиб, мазкур ҳодиса бўйича хабар берилмаганини айтган.  Тошкент шаҳар суди эса, Бош прокуратура марҳум ходимининг оиласига нафақа пули тўлаб берилмагани бўйича иш қайта кўриб чиқилишини билдирганди

Айни пайтда Тошкент шаҳар суди томонидан даъвогар А.Рахмановнинг судга жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисини вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризасини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етиб, суд қарори эълон қилинди.

Суднинг 2022 йил 10 мартдаги ажрими билан даъвогар А. Рахманов вафот этганлиги сабабли унинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисини вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги даъво аризаси иш юритувидан тугатилган.

Суднинг ташаббуси билан даъвогар томонидан мустақил талаб билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган Н. Рахманова судга жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан турмуш ўртоғининг иш жойида вафоти муносабати билан вояга етмаган фарзандлари ва ўзи учун нафақа, суғурта товони ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Миробод туманлараро судининг 2022 йил 28 мартдаги ҳал қилув қарорига асосан Н. Рахманованинг жавобгар Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига нисбатан боқувчисини вафоти муносабати билан нафақа пулини ундириш ва маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво талаблари қисман қаноатлантирилган.

Жавобгардан Н. Рахманованинг фойдасига 951 275 952 сўм миқдорида бир йўла тўланадиган нафақа пули ва 20 000 000 сўм миқдорида маънавий зарар ундирилиши ҳамда давлат фойдасига 76 642 076 сўм давлат божи тўланиши белгиланди.

Ҳал қилув қарорига нисбатан у қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти (протести) берилиши мумкин.

Апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция инстанция судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида кассация шикояти (протести) берилиш мумкин.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, ҳал қилув қарори устидан кассация тартибида шикоят (протест) берилиши мумкин эмас.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1