1

Ўзбекистоннинг қанча аҳолиси хорижда ишламоқда?  

ЖАМИЯТ 06.04.2022, 09:27
Ўзбекистоннинг қанча аҳолиси хорижда ишламоқда?   

Бир муддат аввал Россия, Қозоғистон ва Туркияда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг доимий вакиллари иш бошлаши ҳақида ёзган эдик.

 Кеча, 5 апрель куни АОКАда ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошқарма бошлиғи Азим Ахматов Ўзбекистоннинг қанча аҳолиси хорижда ишлаётганини ҳам маълум қилди. Бу ҳақда "Darakchi" мухбири Мохинур Рустамова хабар бермоқда.

Таъкидланишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 15 миллионга яқин фуқаро меҳнатга лаёқатли ҳисобланади.

"Уларнинг орасида хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқаролар сони 1 март ҳолатига кўра, 2 миллион 356 нафарни ташкил этади. Хусусан, уларнинг 1 миллион 450 нафари Россияда, 366 минг нафари Қозоғистонда, 47 минг нафари Кореяда, 144 минг нафари Туркияда ва 329 минг нафари бошқа давлатларда меҳнат қиляпти", - дейди Азим Ахматов.

Шунингдек, агентлик вакили ўзбекистонлик мигрантларга қайси давлатларда талаб кучли эканини айтди.

"Бизнинг ишчиларимизга биринчи ўринда Россияда кўп талаб мавжуд. Ундан кейин Қозоғистон, Туркия давлатлари туради. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ишчи кучига қараб, Европа давлатларидан Германия, Словакия, Сербия, Ҳорватия, Польшадан талабномалар келган. Масалан, биринчи марта Словакияга 1000 дан ортиқ фуқароларга талабномалар киритилди. Янги бозорлар пайдо бўлиши билан янги талаблар шаклланиб боряпти", — дейди у.

Таъкидланишича, Канада, Латвия, Польша, Финляндия ва Франция давлатларининг иш берувчилари билан Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб қилиш бўйича ҳамкорлик шартномаларини имзолаш ишлари давом эттирилмоқда.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1