АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев мактабларга рўмол ўраб келаётган қизларга нисбатан бўлаётган қаршиликлар юзасидан изоҳ берди, дея хабар берди "Даракчи" мухбири.
"Таълим сифатига шу масала муҳимми, дея кўпчилик савол беради. Норматив ҳужжатларда ўзгариш бўлмаган. Албатта, давлатда ўрнатилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар бор, мактабнинг одоб-ахлоқ қоидалари бор. Бу фақатгина қизларнинг рўмол масаласи эмас, алоҳида дин учун, болаларнинг қайсидир хусусиятлари бўйича ҳам бошқача кийиниш масаласи бўлиши мумкин. Буларнинг ҳаммасига ўрнатилган тартиб бор. Ҳаммангиз яхши биладиган мактаб бўйича қарор бор. Унда тартиблар белгиланган.
Форманинг тартиби бор, лекин қўшимча хусусиятлардан келиб чиқиб, қандайдир вазиятни тушуниш ҳолатлари бор. Мисол учун, миллий дўппи кийиб келаман дейиши мумкин, унга ҳам тўғри қараш масаласи бор. Лекин 10 мингта мактабни 10 мингта директори бор, ҳаммасининг дунёқараши ҳар хил. Албатта, бу бўйича вазирлик ёки бошқа идора алоҳида топшириқ бермаган.
Бундай ҳолатлар юзасидан аниқ бир одамга чора кўриш керак, фикримча. Кимдир ўқишга келаман деса, уни дарсга киритмаслик ҳам тўғри эмас. Бироқ кийиниб юриш одоб-ахлоқ қоидаларини ҳам ота-оналар, ҳам болалар мактаб ҳудудида белгиланган тартибга жавоб бериши керак деб ҳисоблайман", — деди Халқ талими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев.






