Бир неча кундирки, Тошкент шаҳар ҳокими пойтахтдаги маҳаллаларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда ва сайёр қабуллар ўтказмоқда. Ҳоким бошчилигидаги мутасаддиларнинг навбатдаги манзили Сергели тумани бўлди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Тумандаги «Софдил» маҳалласининг шарт-шароитлари, ҳудудни ободонлаштириш ва инфратузилмани яхшилаш ҳамда бошқа йўналишларда олиб борилган ишлар билан танишилди. Аҳолининг турмуш тарзи, муаммо ва мурожаатларига эътибор қаратилди.
Шу ернинг ўзида Сергели тумани аҳолиси учун сайёр қабул ҳам ташкил этиб, фуқаролар мурожаатлари атрофлича кўриб чиқилди.
Жумаладан, ҳоким қабулига фуқаролардан бири шахмат мактаби очиш таклифи билан келди. Мурожаатчининг маълум қилишича, айни пайтга қадар у устозлик қилган ёшларнинг 35дан ортиғи Осиё ва жаҳон чемпионлари бўлишган. Жавоҳир Синдоров ҳам унинг шогирди.
Ортиқхўжаев мурожаатчидан давлат мукофоти билан тақдирланганми ёки йўқлигини сўради. Маълум қилишича, шахмат устози 2008 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган. Шундан сўнг, пойтахт ҳокими унга шахмат мактаби очиб беришни ваъда берди ва "Spark " автомобили ҳам совға қилди.