Покистондаги сиёсий танглик жаҳон ОАВ нинг асосий мавзуларидан бирига айланди. Покистон бош вазири Имрон Хон парламент тарқатилганидан кейин истеъфога чиқарилгач, бирмунча муддат ўз лавозимида қолиши мумкинлиги айтилганди. Мамлакат президенти Ариф Алви Twitter да Имрон Аҳмад Хон Ниёзи Покистон Ислом Республикаси Конституциясининг 224 моддасига мувофиқ, муваққат бош вазир тайинлангунича лавозимини ижро этишини маълум қилди. Сайлов 90 кун ичида ўтказилиши эълон қилинди. Танглик узоққа чўзилмади. "Покистон мусулмонлари лигаси" партияси етакчиси Шаҳбоз Шариф Покистоннинг 23-бош вазири этиб сайланди. 11 апрель куни парламент қуйи палатасида ўтказилган овоз бериш жараёнида Шариф 174та овоз олди. Уч марта Покистон бош вазири этиб сайланган Навоз Шарифнинг 70 ёшли укаси Шаҳбоз Шариф номзоди якшанба куни мухолиф партиялар вакиллари томонидан бош вазирликка илгари сурилганди.
Яхшигина ишлаб турган Покистон ҳукуматига нима бўлди ўзи? Тўсатдан қандай кўз тегди? Мухолифат Хон ҳукуматини “жиловсиз инфляция” да айблаган эсада, “жумбоқ тугуни”ни ташқаридан изламоқ керак. Бош вазир Имрон Хон парламентнинг тарқатиб юборилишини хорижий буюк давлат билан боғлиқ рақибларининг мамлакатдаги режимни алмаштириш уриниши билан изоҳлади. Ҳақиқат ҳам шунда. Ахир АҚШ Имрон Хоннинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашиш учун Москвага бормаслигини талаб қилганди. Покистон етакчиси қулоқ солмади. Натижада америкаликлар бир қатор депутатларнинг мухолифат сафига ўтиши ва ҳукуматга ишончсизлик билдиришлари учун ҳақ тўлашгани айтилмоқда. Хусусан, парламентда қилган чиқишида мамлакат ахборот вазири Фавад Чаудри 7 март куни Исломободда қандайдир хорижий вакиллар билан учрашув ўтказилгани, улар покистонлик сиёсатчиларга бош вазир импичменти жараёнини бошлаш таклифини беришгани очиқлади. Ҳукуматга ишончсизлик билдириш ташаббуси собиқ бош вазир Навоз Шарифнинг туғишган укаси, “Покистон мусулмон лигаси” етакчиси, миллий парламентдаги мухолифат етакчиси, энди янги бош вазир Шахбоз Шарифдан чиқди.
Умуман олганда, Украинадаги инқироз 220 миллионли аҳолига ва ядро қуролига эга Покистонда ҳам акс-садо берди. 2018 йилдан бери ҳукуматни бошқариб келаётган ва ўтмишда крикет ўйинлари юлдузи бўлмиш Имрон Хон Американи уни ҳокимиятдан четлатиш учун фитна уюштиришда айблади. Тўғри, Имрон Хон бошқаруви йилларида Исломободнинг АҚШдан узоқлашиб, Хитой ва Россия билан мустаҳкам алоқалар ўрнатиши Вашингтонга ёқмади.
Покистонда чиқадиган Dawn газетасининг ёзишича, бош вазир Москвага отланганида Вашингтон ташрифни бекор қилишни талаб қилган. Америка амалдорлари Покистоннинг АҚШдаги элчиси билан учрашиб, Исломободнинг Вашингтон билан бўлғуси муносабатлари Имрон Хоннинг парламентдаги овоз беришда ҳокимиятдан четлатилишига боғлиқлигини яшириб ўтиришмади. Бош вазир бу ҳақда Вашингтондаги элчидан хабар олди. Воқеаларнинг кейинги ривожи сафсата эмаслиги маълум бўлди. Афтидан парламент коалициясидаги ҳукумат раҳбари таянган ранг-баранг депутатлардан бир нечасини сотиб олишга муваффақ бўлинган. Натижада ҳукумат Миллий ассамблеядаги 374 депутатдан 177 нафари қўлловидан маҳрум бўлди. Аммо New York Times нашрининг хабарига кўра, АҚШ бош вазир айбловларини рад этди.
Биламизки, Покистон сиёсатида армия позицияси ўта юқори. Мустақилликнинг ўтган 70 йилдан кўпроқ вақти мобайнида ҳарбийлар фуқаровий ҳукуматни бир неча бор ағдариб ташлаган. Таҳлилчиларнинг айтишича, айнан ҳарбийлар Имрон Хоннинг 2018 йилда ҳокимият тепасига келишига йўл очиб беришган. Бироқ энди улар Хонга ортларини ўгириб олишди ёки ҳеч бўлмаганда ундан узоқлашишди. Қуруқликдаги қўшинлар штаби бошлиғи Камар Жавид Бажванинг Исломободдаги хавфсизлик масалалари бўйича конференцияда қилган чиқишида Покистон бошқа мамлакатлар, шу жумладан, АҚШ билан алоқаларни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга умид қилаётганини таъкидлади. Бу баёнот худди Вашингтондан мустақил сиёсат юргизаётган Имрон Хон шаънига ёғдирилган кескин таънадек янгради.
Бажванинг қайд этишича, Покистон ва АҚШнинг тарихан қалин стратегик муносабатлари шаклланган. Бундан ташқари, АҚШ Покистон экспорти учун йирик бозордир. Бош вазир Россия ҳарбий операциясини қораламагани учун Бажва уни “бахтсиз” деб ҳам атади.
Расман армия сиёсатдан ҳоли тузилма. Бироқ генералларнинг ҳукумат раҳбаридан норозилик аломатлари бор. Шунинг учун Хоннинг кетишига тўғри келди.
Воқеалар ривожидан қатъий назар, Покистоннинг Хитой билан қалин муносабатлари сақланиб қолади. Чунки Пекин “Бир макон бир йўл” номли ташаббуслари лойиҳаси доирасида камида 70 миллиард долларга тенг ифратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқда. Аммо Москва билан муносабатлар тақдири маълум эмас. Россия ва Покистон газ қувурларини ўтказиш борасида “Покистон оқими” номли лойиҳани амалга оширишга киришаётган эди. Энди янги ҳукумат келса, лойиҳа “кўмилиши” ҳам мумкин.
АҚШ билан муносабатларга келсак, элита ва оддий одамларнинг кайфияти тубдан фарқланади. Элита Ғарбга кўз тиккан. Кенг жамоатчилик эса, сўровларга кўра, аксиламерика кайфиятда. Покистоннинг ўнлаб шаҳарларида Имрон Хонни қўллаб-қувватлашга қаратилган намойишларнинг бўлиб ўтгани фикримизнинг яққол исботидир.
Файзулло Абдулбоқиев






