Андижоннинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудидаги Хўжаобод туманида ёғингарчилик оқибатида номаълум ҳашарот пайдо бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Бу қанчалик хавфли, экинларга зиён етказадими? Инсон саломатлиги учун хавфли эмасми? Мутахассислар нима дейди? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида ""Даракчи" газетаси мухбири воқеа жойида бўлиб ҳолатни ва унинг сабабларини ўрганди.
Баҳорнинг биринчи ойи ёмғирли кунларга бой бўлгани билан эсда қолди. Ўн кундан ортиқ давом этган ёғингарчиликдан сўнг Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани Солпи маҳалласида яшовчи фуқаролар ҳудудда майда қора ҳашаротлар тўдаси пайдо бўлгани, уларнинг аҳоли яшаш хонадонларига бостириб кириб, тинчлик бермаётганидан шикоят қилди. Уларнинг айтишича, ҳашаротлар томонидан инсон танасини чақиш ҳолатлари ҳам кузатилган.
“ДОРИЛАДИК, ЛЕКИН...”
Aзизахон РАҲМАТОВА, тумандаги “Солпи” маҳалласининг Саноат 1-тор кўчасида яшовчи фуқаро:
– Aввалига бу ҳашарот ўчоқ тагида, мўри атрофида пайдо бўла бошлади. Мен уни мўридан чиққан қора куя, қандайдир учқун, деб ўйлабман. Кейин борган сари кўпайиб кетди. Секин-аста деворларга чиқа бошлади ва деразадан уйга кириб ҳамма ёқни босиб кетди. Уйда эса кийим-кечаклар ичига кириб олиб танамизни чақа бошлади. Бу ҳашарот чақаверганидан тўйиб, икки ҳафта синглимникида яшаб келдим. Мен нафақага қараб қолган одамман. Нима қилишни билмай қўшнимдан қарз олиб “зооаптека”дан дори олиб келдим. Уйларни дориладим, ҳақиқатда ўлди. Лекин тўлиқ йўқолмади, қайтанга мана шу боғ тарафдан яна бостириб келяпти.
“ҚАНДАЙ ҲАШАРОТЛИГИНИ БИЛГАНИМИЗДА...”
Мунисхон ЙЎЛДАШЕВА, фуқаро:
– СЭСга мурожаат қилинди. Лекин ҳеч ким келиб ўрганмади. Кимдир келиб бунга вақтида чора кўрса, оммавий ахборот воситалари вакилларини чақиришга ҳожат бўлмасди. Бу ҳашаротлар боғдан ўтди. Бугун “сен-мен”га бормасдан шуни ҳал қилишда ёрдам беришларингиз керак. Бу қандай ҳашарот эканлигини билганимизда, ўзимиз чора кўрган бўлардик.
Рустамбек МИРКОМИЛОВ, вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Хўжаобод тумани бўлими бошлиғи:
– Ўзим ҳам шу маҳаллада яшайман. Ҳашарот пайдо бўлиб, уйларга кираётганини айтишиб, қандай қилиб йўқотишни сўрашганда, ҳаммага уй атрофига дори сепиш кераклигини тушунтирганман.
Ушбу ҳашарот энг оддий заҳардан ҳам ўлади. Aслида бу намлик кўпайганда чиқадиган ҳашарот. Намликда кўпаяди. Бу йилги 10 кунлик ёмғир 1 метр квадратга 300 мм ҳажмда ёғди. Бир гектар ерни икки марта суғориб, бўктириб қўйгудек ёғди. Шунинг натижасида бу ҳашаротлар кўпайди.
Кунлар исиган сари бу ҳашарот ўз ўзидан ҳалок бўлиб, йўқолиб кетади. Агарда серёғин кунлар, яъни ҳафталаб ёмғир ёғса, булар кўпайиши мумкин. Лекин бир кун ёмғир ёғиб, қолган кунлари қуёш чиқса, бу ҳашаротлар кўпаймайди. Аксинча, кун исиган сари, ҳарорат 15 даражадан кўтарилганда нобуд бўлади.
Чақишига келсак, бу ҳашаротларнинг инсонга зарари йўқ. Саломатликка зиён қилмайди. Намлик бўлмаса, уйга ҳам кирмайди. Агарда оддий оҳак кукунини бўлса-да, девор атрофига сепиб қўйилса, ўша ернинг ўзида йўқолиб кетади.
Ўзингизга маълум, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар йўқолиб кетган. Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигини ташкил этиш тўғрисида”ги 5185-сонли қарорига асосан кимё саноат корхоналари тугатилиб, хизмат кўрсатиш хусусий секторларга ўтган. Шундай бўлса-да, аҳолига енгиллик яратиш учун тумандаги “Навигул” қўшма корхонаси томонидан ҳашаротга қарши дорилар берилади. Бундан ташқари корхона ишчилари аҳоли хонадонлари атрофи ва боғ чегарасидаги ҳудудда дорилаш ишларини амалга ошириб, йўқотишда кўмаклашишади.
Маҳалла аҳолиси вакили Мунисхон ЙЎЛДАШЕВАнинг маълум қилишича, маҳаллага ва уйларга дори сепилган, натижада ҳашаротлар ўлган бўлса-да, бироқ чоралар кўрилганига қарамай ҳудуд яқинидаги боғдан чиқаётган ҳашаротлар оқими тўхтамаяпти. Қўшма корхона мутасаддилари эса кўчатлар мева тугмагунча ҳеч қандай кимёвий воситалар сепилмасликларини айтишди. Мутахассисга таянадиган бўлсак, ҳаво ҳарорати кўтарилиб бораётгани бу муаммодан аҳолини тез орада халос этади, деган умиддамиз.
Умиджон МАМАРАСУЛОВ,
Андижондан махсус “Даракчи” учун тайёрланди
("Даракчи" газетаси, 2022 йил 14 апрель, 15-сон)