Бир муддат аввал Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида видеосектор йиғилиши бошланганди. Тадбирда вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари олдига “қониқарсиз” баҳоланган маҳаллаларга шахсан бориш вазифаси қўйилганини ёзган эдик.
Айни дамда давлат раҳбари матбуот котибининг хабар беришича, мазкур йиғилишда, шунингдек, ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби уй шароитидаги кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтириш кераклиги таъкидланди.
Шу муносабат билан бир ой муддатда саноат, ҳунармандчилик ва касаначилик микро марказларини 700 та ихтисослашган маҳаллада ташкил этиш ишларини бошлаш бўйича топшириқ берилган. Қайд этилишича, бу марказларнинг 70 таси ишсизлик даражаси юқори бўлган маҳаллаларда очилиши зарур. Ушбу марказлардан 5 йил муддатда ер ва мол-мулк солиғи ундирилмайди.
Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилади, ушбу саноат марказлари орқали 50 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланади.
Яна бир масала – йил бошидан буён ҳоким ёрдамчилари томонидан 5 мингга яқин бўш бинолар аниқланди. Ҳоким ёрдамчилари аниқлаган бўш бино-иншоотларни сотиш, ижарага беришдан тушган маблағлар ушбу маҳалланинг инфратузилмасини ривожлантиришга сарфланиши белгиланди.
“Умуман, йил якунига қадар бўш бино қолиши керак эмас”,- дейди Президент.






