АсосийJamiyat

“Меҳр кутубхонаси”, “Меҳнат ярмаркаси” ва шоир ва ёзувчилар билан бўлган учрашувлар. II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” қандай ўтди?

'“Меҳр кутубхонаси”, “Меҳнат ярмаркаси” ва шоир ва ёзувчилар билан бўлган учрашувлар. II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” қандай ўтди?'ning rasmi

2022 йилнинг 18-23 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Халқ таълими вазирлиги, Маданият вазирлиги, Республика маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ноширлар ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда бир қатор манфаатдор идора ва муассасалар билан ҳамкорликда “Китобсевар миллат” шиори остида II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилди. 

ЮНЕСКО томонидан "Халқаро китоб ва муаллифлик ҳуқуқи куни" сифатида байрам қилинадиган 23 апрель куни пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Китобни улуғлашга, маърифат ва зиёни тарғиб этишга бағишланган мазкур ҳафталикнинг тантанали ёпилиш маросими  бўлиб ўтди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда. 

Тантанали йиғилишда ташкилотчилар томонидан ҳафталик якунлари сарҳисоб қилиниб, ушбу маънавий тадбирнинг ижтимоий аҳамияти эътироф этилди. 

Жумладан, ҳафталик доирасида китобхонлар ўзлари севган 100 нафардан ортиқ шоир ва ёзувчилар билан учрашиши имкониятига эга бўлгани,. жойларда 320 та турли маданий-маърифий дастурлар, театр томошалари, дизайнер-рассомларнинг ижодий кўргазмалари ташкил этилгани таъкидланди.

Бир ҳафта давомида республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган етакчи нашриётлар ва китоб савдоси ташкилотлари томонидан арзонлаштирилган китоб савдо-ярмаркалари уюштирилди.

Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида бу тадбирлардан ўрин олган “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги “Меҳрибонлик”, “Қариялар” уйлари ва Мурувват муссасаларига 3500 дан ортиқ нусхадаги китоблар беғараз ҳадя этилди.

II Республика “Китобхонлик ҳафталиги” китобхонликни тарғиб этиш, янги асарлар тақдимотини ўтказиш билан бирга олий ўқув юртларининг нашриёт-матбаа соҳасида таҳсил олаётган талаба-ёшлар бандлигини таъминлашга ҳам муносиб ҳисса қўшди. Хусусан, пойтахтимизнинг – “Magic City” шаҳарчасида 32 та нашриёт-матбаа ижод уйлари томонидан ўтказилган “Меҳнат ярмаркаси” да соҳага мутахассилар тайёрловчи 7 та олий ўқув юртининг 340 нафар талаба ёшлари иштирок этиб, уларнинг 40 дан ортиғи билан  меҳнат шартномалари тузиш ҳақида келишиб олинди.

Тантанали маросим давомида узоқ йиллардан буён ахборот-кутубхона соҳасида фидойилик билан меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ кутубхона ходимлари “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Шунингдек, аҳолининг китоб маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган нашриётлар, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийлар, устоз ношир ва матбаачилар, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида китобхонлик ва мутолаа маданиятини тарғиб қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатган босма ОАВлар, ижтимоий тармоқ ижодкорларнинг меҳнатлари ҳам Ҳафталик ташкилий қўмитаси томонидан муносиб рағбатлантирилди. 

    Бошқа янгиликлар