Аввалроқ, "darakchi.uz"да Олтинсой тумани, “Обшир” қишлоғида яшовчи ота-оналар томонидан тумандаги 21-мактабда дарслар қониқарсиз ўтилиши, ўқитувчиларнинг ўқувчиларга муносабати ва қилинаётган шикоятлар масъуллар томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани ҳақида видео мурожаат эълон қилинган эди.
"Мактабда давомат жуда паст, бир синфдан дарсларда 3-4 нафаргина бола ўтиради, улар ҳам ўқитувчиларнинг фарзандлари. Дарслар яхши ўтилмайди. Ўқитувчилар ўқувчиларга жуда ёмон, сўкиниб муносабатда бўлишади, бу ҳақда видео қилиб олинган далилларимиз ҳам бор. Ходимлар ишга келмай ойлик олади, буни суриштириб ўрганиб ҳам чиқдик. Болаларни олиб кетиш учун талон ҳам бермайди. 3-4 марта туман Халқ таълими бўлимига мурожаат қилдик, умуман фойдаси бўлгани йўқ. Туман ҳокимлигига чиқдик, туман прокуратурасига чиқдик. Ҳеч ким бизга ёрдам бермаяпти, болаларимизни ўйинчоқ қилишяпти", - деган эди қишлоқ фуқаролари номидан Лутфулла Умбаров.
Халқ таълими вазирлиги "darakchi.uz"га Олтинсой тумани халқ таълими бўлимининг муносабатини тақдим этди.
"Олтинсой тумани халқ таълими бўлими томонидан тумандаги 21-сонли умумтаълим мактаби, ота-оналарнинг мурожаатлари бўйича ўрганилиб юқори ташкилотларга тегишли маълумотлар бериб борилган. Видео мурожат қилинган вақтда туман халқ таълими бўлими мудири Т.Н.Элназаров вилоят ҳокими селектор йиғилишида иштирок этаётган эди.
21-сонли умумтаълим мактаби ва раҳбарларининг иш фаолияти вилоят халқ таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилиб мактаб директори Т.Жумаевнинг иш фаолияти тўғрисида Халқ депутатлари Олтинсой туман Кенгашига мухокама учун тақдим қилинган, мактаб директори Т.Жумаев меҳнатга лаёқатсизлик касаллик варақасида бўлганлиги сабабли унинг иштирокисиз фаолиятини мухокама қилиш қонунга зид эканлигини инобатга олиб бошқа муддатга қолдирилган.
Мактаб ўқувчиларининг ота-оналари фарзандларини қўшни 65-сонли умумтаълим мактабига кўчириш учун ўқувчиларга кетиш талонларини ўз вақтида бериш ташкил қилинганлиги, 21-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи сони камайганлиги, мактабда ўқитувчиларнинг иш ҳақиларини қонуний ҳисоб-китоб қилиш ва ота-оналар мурожаатларини ижобий ўрганиб чиқиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг ички АУДИТ бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилди, ўрганиш материалларини Халқ таълими вазирлигининг ички АУДИТ бошқармасига ва мурожаат муаллифига тақдим қилинишини маълум қиламиз", - дейилади расмий муносабатда.
"darakchi.uz" муносабатда келтирилган маълумотлар ҳаққонийлиги ва қилинган ишлар натижасини билиш учун мактаб ота-оналари билан боғланади. Натижалар эълон қилинади.






