АсосийJamiyat

Президент ташрифида уста бўлиб кўринган ҳоким ҳайдовчиси бўйича Фарғона вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди

'Президент ташрифида уста бўлиб кўринган ҳоким ҳайдовчиси бўйича Фарғона вилояти ҳокимлиги муносабат билдирди'ning rasmi

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Президентнинг Фарғона вилоятига ташриф доирасида Фурқат туманидаги “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида бўлганида олинган суратда давлат раҳбарининг орқасида ўймакор шогирд либосида туман ҳокимининг ҳайдовчиси турганлиги қайд этилган материал эълон қилинди. Ортидан эса Президент билан мулоқот қилган яна бир уста тумандаги 21-мактаб директор ўринбосари экани ҳақида чиқишлар пайдо бўлди.

Шундан сўнг, Фурқат тумани ҳокимлиги расмий муносабат бериб, ҳақиқатдан ҳам, расмда кўзга ташланган шахс туман ҳокимининг ҳайдовчиси Илҳом Аҳмаджонов эканини тасдиқлаб, у Ўзбекистон халқ устаси Муҳаммадали Юнусовнинг шогирдларидан бирилигини маълум қилди

Айни пайтда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳам ушбу хабарлар бўйича ўз муносабатини эълон қилди. 

Унга кўра, Илҳом Аҳмаджонов бир йилдан бери Фурқат туман ҳокимлигида ҳайдовчи бўлиб фаолият кўрсатиб келади. Аввалдан ўзида ўймакорликка, дурадгорликка қизиқиш борлиги сабаб, туманга келгач “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида миллий ёғоч ўймакорлиги санъати ўрганиш имконияти мавжудлигидан фойдаланиб, шогирд сифатида ҳунар сирларини ўргана бошлаган.

"Кечаги ташрифда ҳам корхонада доимий фаолият олиб бораётган усталардан ташқари Ҳунармандлар мактабининг қатор ўрганувчилари ҳам бўлишганини эътиборга олганда, Илҳом Аҳмаджоновнинг ҳам улар қаторида у ерда бўлиши табиий ҳолатдир", - дейилади муносабатда. 

Қайд этилишича, кеча Фурқат тумани ҳокимлиги томонидан эълон қилинган видеода Илҳом Аҳмаджоновнинг ўймакорлик билан шуғулланиш жараёнлари ҳамда шогирдликда ортирган кўникмалари акс этган.

Таъкидланишича, Муҳаммадали Юнусовнинг корхонасида ўймакорлик ўрганаётган шогирдларнинг кўплари бошқа касб ҳамда иш эгалари.

"Давлат раҳбари билан мулоқот қилган Илҳомжон Сулаймонов, фаолияти давомида мактабда меҳнат фанидан ўқитувчи бўлган. Ҳозирда тумандаги 21-мактабда маънавий-маърифий ишлар бўйича 0,75 ставкада директор ўринбосар бўлиб ишлаб келади. Узоқ йиллардан бери амалий ўймакорлик билан шуғулланади, “Уста Юсуфжон наққош” оилавий корхонасида тушдан кейин уста-ўргатувчи лавозимида ишлайди. 10 нафар шогирд бириктирилган", - дея уста деб кўрсатилган директор ўринбосари ҳақидаги чиқишларга изоҳ берди Фарғона вилояти ҳокимлиги. 

    Бошқа янгиликлар