1

"Шароит бор, муваффақият йўқ" — Шавкат Мирзиёев

ЖАМИЯТ 17.06.2022, 20:51
"Шароит бор, муваффақият йўқ" — Шавкат Мирзиёев

Бугун, 17 июнь Президент Шавкат Мирзиёев Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини кўздан кечирди. Бу ҳақда унинг матбуот хизмати Шерзод Асадов хабар берди.

Давлат раҳбари бу муассасанинг эски биносини ўтган йили 14 майда бориб кўрган эди. У пайтда шифохона Республика гематология маркази бўлиб, катталарга ҳам, болаларга ҳам бир жойда хизмат кўрсатиларди. Дори таъминоти етарли бўлмагани, химия терапия усуллари йўлга қўйилмагани сабабли даволаниш самарадорлиги 30 фоиздан ошмаган.

Бинодаги шароитлар ҳам ачинарли бўлган. Бир хонада 3-4 бемор ётар, санитар хоналар умумий эди. Овқат учун ҳар бир беморга кунига 11 минг сўм ажратилган холос. Лаборатор таҳлилларнинг ярми хусусий клиникаларда ўтказиларди.

Шундан сўнг, бу ерда кўрилганлар, ота-оналар ва мутахассислар билан мулоқотлар асосида, Президент 2021 йил 27 май куни “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” қарор қабул қилди. Унга мувофиқ, болалар гематологияси ва онкологияси соҳаси катталар шифохонасидан ажратилиб, алоҳида марказга айлантирилди. Бу муассаса учун Тошкент шаҳри Чилонзор тумани Арнасой кўчасида қурилган янги бино берилди ва жорий йил январдан иш бошлади.

Давлатимиз раҳбари бугун бу ердаги шароитлар билан яқиндан танишди.

Маълумотларга кўра, янги марказда ўринлар сони олдинги 85 тадан 160 тага етказилган. Бемор бола ва унинг ота-онаси учун алоҳида шарт-шароитлар яратилган.

Қайд этилишича, марказга чет эллик консультантлар жалб этилиб, даволаш ва диагностика стандартлари янгиланган. Ўзак ҳужайралари трансплантацияси сони ҳам ошган.

Президентимиз марказда даволанаётган болалар ва уларнинг оналарига далда берди.

"Ёнингизга яна келишдан мақсадим - сизларга куч бериш, умидни икки карра кўпайтириш. Бу ҳаммамизга синов. Биз давлат бўлиб, ақлимизни, кучимизни ишга солиб, бу касалликларни енгишимиз керак. Ота-оналарга кўмак бериб, болаларнинг дардига малҳам бўлиб, уларни соғайтиришимиз зарур", - дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент болаларнинг орзу-истакларини қўллаб-қувватлади, тезроқ соғайиб, яхши ўқишларини тилади. Хусусан, сал аввал қорақалпоғистонлик болакай "Tesla" заводининг бошлиғи бўлишини хоҳлашини айтганди. Давлат раҳбари унинг истакларини тинглаб, шифо тилаганди.

Шерзод Асадов хабарига кўра, бироз муддатдан сўнг, шу ерда Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази фаолиятини кенгайтириш режалари тўғрисида маълумот бериб ўтилган.

Унга кўра, гемапоэтик ўзак ҳужайраларини аллоген ва аутологик трансплантация қилиш учун 2 та асептик бино, ҳудудлардан узоқ муддатга келадиганлар учун 200 ўринли ҳостел барпо этилади. Йил якунигача марказга яна 67 турдаги жиҳозлар келтирилади.

"Бу соҳа юртимизда янги тизим. Энди уни ҳудудий шифохоналардаги шундай бўлимлар билан боғлаб, касалликларни эрта аниқлаш зарур. Қуйи поғонада скринингни кенгайтириб, "касалликдан олдин юриш" керак", - деган Президент.

Шу жумладан, ушбу марказ негизида илмни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланган.

"Бинода шароит бор, муваффақият йўқ. Муваффақият илмда! Шунинг учун бу ер касаллик омилларидан тортиб, самарали даволаш услубларигача ўрганиш бўйича илмий марказ бўлиши керак. Вилоятлардаги тиббиёт ходимлари келиб, малака оширсин", - дейди Мирзиёев.

Бу соҳани юксак ривожланган Германия тажрибаси асосида даволаш протоколини янгилаш, мутахассислар жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилгани айтилади.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1