АсосийJamiyat

Президент таклифи: “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”

'Президент таклифи: “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев ва Конституциявий комиссия аъзолари учрашувида келтирилишича, бугунги кун ҳолатига кўра, Комиссияга фуқароларимиздан 48 минг 492 та таклифлар келиб тушган. 

Биринчи йўналиш сифатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, дахлсиз ҳуқуқлари ва манфаатлари масаласи илгари сурилди, дея хабар бермоқда йиғилишдан Сардорбек Раҳмонқулов.

Муқаддас динимизда ҳам, буюк алломаларимиз бой илмий ва маънавий меросида ҳам, инсон – ҳаёт гавҳари, тенгсиз мўъжиза сифатида улуғланади. Муқаддас Қуръони каримда Аллоҳ инсонни барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам қилиб яратгани таъкидланган. 

Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда, энг олий қадрият бўлиши лозимлигини таъкидлаган Шавкат Мирзиёев:

“Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун “Инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир!” Шу боис, инсон қадрини юксалтириш ҳақиқатда давлат ҳокимияти органларининг конституциявий бурчи ва устувор вазифаси бўлмоғи шарт.

Янгиланаётган Конституциямизда ушбу тамойиллар аниқ ифода этилиши, ўзининг мукаммал ҳуқуқий ечимини топиши зарур. 

Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир.

Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик. 

Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда. 

Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган. Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган. 

Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан”, - дея шу тариқа, ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қилишимизни эслатиб ўтди.

    Бошқа янгиликлар