АсосийJamiyat

"Ўта таҳликали замонда яшаяпмиз"

'"Ўта таҳликали замонда яшаяпмиз"'ning rasmi

Аввал хабар берганимиздек, айни вақтда Ўзбекистон президентининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Ўтказилаётган мазкур йиғилишда давлат раҳбари ўзбек халқига мурожаат йўллади. Бу ҳақда "Darakchi" журналисти Сардорбек Раҳмонқулов хабар бермоқда.

“Азиз юртдошлар, бугун нотинч дунёда, ўта таҳликали замонда яшаяпмиз. Мамлакатимиз тараққиётида ғоят масъулиятли даврни бошдан кечирмоқдамиз",-дейди президент сўзи аввалида.

"Янги Ўзбекистонни барпо этиш мақсадида бошлаган барча ислоҳотларимиз ҳар биримизнинг бугун ва келажакда фаровон ҳаёт кечиришимизни таъминлашга қаратилган. Ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати, шаъни ва ғурурини улуғлаб, Ватани ва халқига тоғдек таянч бўлиб яшашга қодир, эркин ва азму шижоатли инсонлардир",-дейди Мирзиёев.  

Президент шу боис барча Конституцияга киритиш таклиф этилаётган янги норма ва қоидаларни онгу тафаккур, қалбидан ўтказиб, уларга холис ва ҳаққоний муносабатини билдириши лозимлигини айтади.

"Барчамиз Асосий қонунимизда ўзимизни, оиламизни, маҳалламизнинг орзу-умидларини кўришга интилаётганимиз – бу табиий ва мутлақо тўғри",-дейди Ўзбекистон раҳбари.

Президент фикрича, Конституцияга киритиладиган барча тузатиш ва қўшимчалар мамлакатнинг 14 та ҳудудий бирлигидан иборат ягона давлатни, миллати ва элатидан қатъи назар, ягона ва қудратли Ўзбекистон халқини янада жипслаштиради ҳамда улуғвор мақсадлар сари сафарбар этади.  

"Шу боис барча азиз ватандошларимизни конституциявий ислоҳот жараёнида янада фаол қатнашишга чақираман. Ҳеч қачон унутмайлик, бу жараёндаги иштирокимиз билан ўзимиз, оиламиз, фарзандларимиз мана шу муқаддас заминда янада эркин ва фаровон яшаши учун мустаҳкам пойдевор яратамиз.  

Қадрли ватандошларим!

Сизларни ишонтириб айтмоқчиман, давлатимиз янгиланаётган Конституциямиз моддаларини ҳаётда тўла қарор топтириш учун барча куч ва воситаларни сафарбар этади.  

Бу янгиликлар аниқ қонун ва кодекслар, амалий дастурлар ва режалар билан ҳаётимизда албатта ўз аксини топади. Ҳар бир конституциявий норма ижросини таъминлаш бўйича аниқ ижтимоий, иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий чора-тадбирлар кўрилади",-дейди у.

“Биз ишлашга – иши, яшашга – уйи бўлган, фуқаролари тинч ва эркин, ҳаётдан мамнун, дастурхони тўкин, оиласи бахтиёр ва фаровон яшайдиган давлат қуришни мақсад қилганмиз.

Биз ана шундай буюк ишлар арафасида турибмиз. Кучли иқтисодиёт барпо этиб, дунёда муносиб ўрнимизни эгаллашимиз, халқимизга юксак шароитлар яратиш учун ҳам жуда кўп ишларни биргаликда амалга оширишимиз керак.

Бетакрор юртимизда барқарор жамиятни ва бардавом тараққиётни таъминлаш – барчамизнинг бош мақсадимиздир!

Мен бутун халқимизни ана шу буюк мақсадга эришишда ўзаро бирдамликка ва ҳамжиҳатликка чақираман.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ёрқин ифодаси бўладиган янгиланаётган Конституциямизга таяниб, Янги Ўзбекистонни албатта биргаликда барпо этамиз.

Орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин ғоят мураккаб шароитда бундай улкан ислоҳотларни амалга оширишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар ҳеч қачон унутмайди.

Ана шундай буюк бахт ва шараф барчамизга ёр бўлсин!”,- деган Президент сўзининг якунида.

    Бошқа янгиликлар