АсосийJamiyat

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини Конституция даражасида кўриб чиқиш кафолатланганми?

'Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини Конституция даражасида кўриб чиқиш кафолатланганми?'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди. Давлат раҳбарининг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувида Конституциямизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Асосий қонунимизга мослигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқишни Конституциявий суднинг ваколатида акс эттириш юзасидан билдирган таклифига юридик фанлар доктори, профессор Шерзод Зулфиқоров ўз муносабатини билдирди.

— Фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини Конституция даражасида кўриб чиқиш кафолатланганми?

—Буни ниҳоятда сиёсий ҳамда ҳуқуқий нуқтаи назардан ўз вақтида кўтарилган масала, деб баҳолаш мумкин. Конституциямизнинг 44- моддасида белгиланганидек, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

“Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги конституциявий қонуннинг 27-моддасига кўра, агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлилиги белгилаб қўйилган.

Бу нима дегани? Эндиликда борди-ю фуқаро ёки тадбиркорга тегишли бирон-бир иш судда кўрилаётган бўлса ва суд бирон-бир қонунга асосланиб қарор қабул қилса-ю, аслида, ўша амалдаги қонуннинг ўзи ёки унинг қайсидир нормаси Конституцияга зид бўлса, фуқаро Конституциявий судга ушбу номувофиқликни бартараф этишни сўраб мурожаат қилишга ҳақли бўлади. Оддий қилиб айтсак, қонун амалда бўлса ҳам, лекин Конституцияга зидлиги аниқланса, суд унга асосланиб, қарор чиқармаслиги лозим. Конституциявий суд эса бундай мурожаатни дарҳол кўриб чиқади, Конституцияга номувофиқ бўлса, уни бекор қилиши керак бўлади.

— Хорижий мамлакатлар тажрибасида бу ҳақда нима дейилади?

—Ушбу таклифлар билан фуқароларимиз ва юридик шахсларга жуда муҳим ҳуқуқ берилмоқда. Яъни фуқаролар ёки юридик шахсларнинг Конституциявий судга шикоят қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда. Мисол учун, Польшада бир черковнинг биносини Польша Олий суди фуқародан давлатга ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. Бунинг натижасида фуқаро Польша Конституциявий судига мурожаат қилган ҳамда Конституциявий суд Олий суднинг қарорини бекор қилиб, фуқаронинг Конституцияда белгиланган мулкий ҳуқуқини тиклаб берган. Демак, хулоса чиқариш мумкинки, Польшада Конституциявий суд конституция нормаларининг амалда ижросини таъминлаб берувчи Олий суд органи ҳисобланади.

Хорижий мамлакатларда, хусусан, Бельгия, Венгрия, Жанубий Корея ва бошқа кўпгина давлатлар конституцияларида ҳам фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини Конституциявий судга мурожаат қилиш орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқлари мустаҳкамлаб қўйилган. Халқаро ҳужжатларга эътибор қаратсак, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 8- моддасига асосан, ҳар бир инсон унга конституция ёки қонун орқали берилган асосий ҳуқуқлари бузилган ҳолларда нуфузли миллий судлар томонидан бу ҳуқуқларнинг самарали тикланиши ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Ёки бўлмаса, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактда ушбу Пактда тан олинган ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилган ҳар қандай шахсни, агар бу бузилиш расмий сифатда ҳаракат қилган шахслар томонидан содир этилган бўлса ҳам, ҳуқуқий ҳимоянинг самарали воситаси билан таъминлаш; ана шундай ҳимоя талаб қилувчи ҳар қандай шахс учун юридик ҳимоя ваколатли суд, маъмурий ёки қонун чиқарувчи ҳокимиятлар томонидан ёки давлатнинг ҳуқуқий тизимида назарда тутилган бошқа ваколатли органлар томонидан таъминлаши ва суд орқали ҳимояланиши имкониятини ривожлантиришни ўз зиммасига олади, деб белгилаб қўйилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоялаш — доимий тарзда Конституциявий суднинг энг асосий вазифаси бўлиб қолиши лозим. Ўйлаймизки, мазкур ўзгартиришлар якунда ўзининг амалий самарасини беради.

    Бошқа янгиликлар