ТИВ Қорақалпоғистон воқеаларида айримлар томонидан интернет орқали сохта янгиликлар тарқатилгани, душман кайфиятдаги кучлар фуқароларни аксилконститутсиявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишганини тасдиқлади.
Хабарингиз бор, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг конститутсияцвий тизими, ҳудудий яхлитлиги ва бирлигига путур етказишга уриниш юз берди. Конституцияцвий ислоҳотлар бўйича умумхалқ муҳокамасига киритилган таклифларга қарши норозилик баҳонасида бир гуруҳ шахслар томонидан давлат ҳокимияти органлари биноларини зўравон ҳаракатлар, отишмалар ва куч билан эгаллаб олишга ҳаракатлар ташкил этилди.
Содир бўлган воқеалар юзасидан ҳукуматнинг тегишли идоралари томонидан мунтазам ахборот бериб борилди. ОАВ, хусусан, Darakchi.uz' ҳам бу борада барчани хабардор қилиб борди.
Аммо ТИВ баёнотига кўра, айрим оммавий ахборот воситалари ва инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилотлар томонидан нўмаълум манбаларга таянган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида содир бўлган воқеалар ҳақида турли хил тахминлар ва асоссиз хабарлар муҳокама қилинмоқда.
Гўёки ноқонуний куч ишлатиш орқали “тинч митингни тарқатиш”, жумладан, фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали “мустақил овозларни ёпиш ва ахборотни оқимини тўсиш” ҳақида асоссиз маълумотлар берилган.
"Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан аниқлик киритиб, бу борада батафсил ва холис ахборот тақдим этмоқда",-дея таъкидламоқда вазирлик.
Келтирилишича, популистик шиорларни ниқоб қилиб олган ҳолда, уяли алоқа ва Интернет орқали сохта янгиликларни тарқатиб, душман кайфиятдаги кучлар фуқароларни аксилконститутсиявий фаолиятга оммавий равишда жалб қилишга уриндилар.
"Бу интернет алоқасини вақтинча чеклаш чораларини кўришга мажбур қилди",-дейди Ташқи ишлар вазирлиги.
Унга асосан, оммавий вайронгарчиликлар ва ваҳшийликлар чоғида Жўқорғи Кенгеси (парламент), Нукус шаҳар ИИББ ва Миллий гвардия бошқармаси биноларига ҳужум қилишга уринишлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини гаровга олиш ва уларнинг ўқотар қуролларини тортиб олиш, давлат, жамоат ва шахсий мол-мулкка ўт қўйиш, бузиш ва йўқ қилиш, шаҳар инфратузилмасига жиддий зарар етказишга қатор бор уринишлар кузатилган.
Ушбу ноқонуний ҳаракатлар натижасида, илгари айтиб ўтилганидек, 18 киши вафот этди.
"Шуни таъкидлаш керакки, тажовузларнинг фаол иштирокчиларининг кўпчилиги гиёҳванд моддалар ва спиртли ичимликлар исте’мол қилган шахслардан иборат эди",-дейилади баёнотда.
Таъкидланишича, айни пайтда Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.
"Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномаларнинг иштирокчиси сифатида Ўзбекистон шаффоф, мустақил ва холис тергов тамойилларига тўлиқ риоя этиш, шунингдек, тегишли тартиб-қоидалар ва адолатли суд ишларини юритиш кафолатларини таъминлаш тарафдоридир. Тергов натижалари тегишли халқаро ташкилотлар эътиборига етказилади",-дейди вазирлик.






