Хабарингиз бор, Ўзбекистонда 1 июлдан автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилинди, олд ён ойналарни эса 2,4 млн сўм этиб белгиланди. Мазкур тартиб президент қарори билан расман тасдиқланди.
Бундай қарорни анчадан буён кутиб юрган ўзбекистонлик ҳайдовчилар машиналарни тонировка қилишга шошилди. Бозор қонуниятларига кўра, бирор бир товарга талаб ошган сайин нарх ҳам кўтарилиб боради.
Хўш, 1 ҳафта ичида ҳайдовчиларнинг тонировка "васвасаси" босилдими? Бозорларларда тонировкалар нархи қандай?
Ҳайдовчилар янги тартибдан қанчалик рози?
“Darakchi.uz” Тошкентда автомобиль ойналарини қорайтириш билан шуғулланувчи усталар ва уларнинг хизматидан фойдаланувчи ҳайдовчилар билан суҳбатлашди.
“Плёнкалар ва уни ўрнатиш хизмати нархлари қарор қабул қилинганининг илк кунларига қараганда бир неча бор тушди. Нархлар автомобилнинг русуми ва плёнканинг сифатига қараб белгиланади. Сифатли плёнкалар қуёшдан самаралироқ сақланиш ва автомобиль ичидан ташқарини яхшироқ кўриш имконини бериши билан ажралиб туради. Сифатли плёнкалар ранг ажратишга ёрдам бериб машина ичидаги болаларни далтоник қилиб қўймайди”,– дейди сотувчилардан бири.
“Ўзи бозорда плёнка сотадиган дўконлар ҳам, усталари ҳам кам. Шунинг учун рухсатнома нархлари арзонлаштирилгандан кейин навбатлар бўлди. Ҳозир анча изига тушиб қолган”,– дейди бошқаси.
Тошкентда тонировка нархлари арзонлаштирилганининг илк кунларида автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириб бериш (плёнка ва хизмат нархи қўшилганда) нархи 200 минг сўмдан, орқа ва олд ён ойналар “тонировка”си 600 минг сўмдан ошиб кетганди. “Darakchi.uz” суҳбатлашган усталарнинг маълум қилишича, ҳозирда бу нархлар бироз арзонлашган.
Плёнка нархлари 50 минг сўмдан бошланса, уни ўрнатиш 200 мингдан бошланади.






