Бир муддат аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий масалалари бўйича ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимига Жамшид Ходжаев номзодини кўриб чиқиб, маъқуллашганди.
Давлат раҳбари фармони билан Абдуҳакимович мазкур лавозимига тайинланди. Бу ҳақда вазирлик хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, тайинловдан олдин мансабдор Қишлоқ хўжалиги вазирлигига раҳбарлик қилиб келган. Ушбу лавозимдан аввал Ташқи савдо вазири бўлиб ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки раисининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб, ғазначилик, ташқи иқтисодий фаолият, ахборот технологиялари, лойиҳавий молиялаштириш ва бошқа департаментлар ишини мувофиқлаштирган.
Шунингдек, у Ҳисоб палатаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат бюджетига тушумларнинг тўлиқлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида фаолият юритган, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасини ташкил қилиш, унинг фаолиятини тартибга солишнинг тўлақонли меъёрий-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқиш, шунингдек Жамғарма ресурс базасини янада мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда бевосита иштирок этган.
2021 йил 10 сентябрдан бошлаб Жамшид Ходжаев Тошкент Давлат аграр университети ректори вазифасини бажарувчиси лавозимига ҳам тайинланди.
Маълумот учун, Жамшид Ходжаев 1979 йилда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида туғилган. 2000 йилда Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетини тамомлаган. Ж.Ходжаев Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан иқтидорли талабалар учун ташкил этилган “Умид” жамғармасининг стипендияси соҳиби. 2002 йилда Европа Давлат бошқаруви институтини (EIPA) тамомлаган, шундан сўнг 2003 йилда Бирмингем университетида (Буюк Британия) халқаро иқтисодий муносабатлар, давлат бошқаруви мутахассислиги бўйича МВА даражасига эга бўлган.
Commerzbank (Германия), ХВЖ (АҚШ), Standard Банк (ЖАР), JPMorgan Chase (АҚШ), Россия Банки (РФ), Natixis (Франция), KB Kookmin (Жанубий Корея), DBS (Сингапур), Credit Suisse (Швейцария) каби қатор хорижий ташкилотларнинг тренинг ва ўқув курсларида қатнашган.






