1

Сергей Лавров, Субраманьям Жайшанкар ҳамда Ван И... ШҲТ мамлакатлари вазирлари Мирзиёев билан айлана стол олдида жам бўлди.

СИЁСАТ 29.07.2022, 17:04
Сергей Лавров, Субраманьям Жайшанкар ҳамда Ван И... ШҲТ мамлакатлари вазирлари Мирзиёев билан айлана стол олдида жам бўлди.

Бугун, 29 июль куни Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги ШҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилишининг тадбирларида иштирок этаётган ШҲТга аъзо давлатлар делегацияларининг раҳбарларини қабул қилди. 

Тадбирда Ўзбекистоннинг бирлашмага раислиги давомида ўтган даврда биргаликда амалга оширилган ишлар натижалари ҳамда жорий йил сентябрь ойида Самарқандда ўтадиган саммит кун тартибига алоҳида эътибор қаратилган..

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Давлат раҳбари матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Ҳиндистон Республикаси ташқи ишлар вазири Субраманьям Жайшанкар, Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди, Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И, Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаев, Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Билавал Бхутто Зардарий, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири Сергей Лавров, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин, шунингдек, Ташкилот бош котиби Чжан Мин ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Руслан Мирзаев иштирок этди.

Маълум қилинишича, Ўзбекистон етакчиси анъанавий кооперация ва логистика занжирлари бузилмоқда.

Шунингдек, жаҳон мамлакатларининг аксариятида озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳасидаги вазият кескинлашиб, инфляция кўрсаткичлари шиддат билан ўсаётган мураккаб шароитда хатарларга мос равишда чора кўриш учун саъй-ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш ва кўп томонлама асосда яқиндан ҳамкорлик қилишга эҳтиёж кучайиб бормоқда.

Ўзбекистон етакчиси шу боис ШҲТни янада ривожлантиришнинг қатор принципиал жиҳатларини белгилаб берди. 

Булар – Ташкилотнинг ҳеч қандай блокларга қўшилмаслик мақомини сақлаш, янги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш бўйича салоҳиятини кучайтириш, Марказий Осиёнинг ШҲТнинг “географик ўзаги” сифатидаги ўрнини сақлаб қолиш, трансминтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш ҳамда Афғонистонни минтақадаги иқтисодий жараёнларга янада фаол жалб қилиш.

Эслатиб ўтамиз, учрашув якунида ШҲТ маконида халқлар ва мамлакатлар манфаатлари йўлида дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини, кенг кўламли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга Ўзбекистоннинг интилиши қатъий экани қайд этилган.

Мавзуга доир:

Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгашининг йиғилиши бошланди

Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш қаратилган мустаҳкам ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилди – Сергей Лавров

Дилбар Абдунабиева.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1