Тошкент вилоят перинатал марказида Тожикистон фуқароси, Олмалиқ шаҳар Шароф Рашидов маҳалласида вақтинча истиқомат қилаётган Илҳом Хусаинов ва Холида Сафаровалар оиласида бир йўла уч нафар ўғил фарзанд дунёга келди. Бу ҳақда "darakchi.uz"га Тошкент вилояти адлия бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, бу оилада бундан аввал бир ўғил ва бир қиз бўлган. Эндиликда улар беш нафар бўлди. Чақалоқларга Ҳасан, Ҳусан ва Ҳусниддин деб исм қўйилди.
Ҳозирда эгизаклар тажрибали шифокорлар назоратида остида бўлиб, уларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда.
12 август куни Олмалиқ шаҳар ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар эгизакларнинг холаси Азиза Баратовага топширилди.
Маълумот ўрнида: жорий йилнинг 9 августига қадар Олмалиқ шаҳрида 2 минг 309 нафар чақалоқ туғилган. Уларнинг 1 минг 191 нафари ўғил, 1 минг 118 нафари эса қиз. Уч эгизакнинг туғилиш йил бошидан бери илк маротаба қайд этилди.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида 3 эгиз қиз туғилгани хабар қилинган эди.






