Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг танқидий руҳда ўтган йиғилишдаги аудиоси тарқалди (аудио)

ЖАМИЯТ 28.09.2022, 12:36
Президент администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқовнинг танқидий руҳда ўтган йиғилишдаги аудиоси тарқалди (аудио)

Аввал хабар берганимиздек, кеча, 27 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтган. Унда 5 туман ҳокими ва “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Бахтиёр Отамуродов лавозимидан озод этилди. Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболовга прокурорни ҳақоратлагани ва унинг ишига ноқонуний аралашгани учун жарима жазоси тайинланди. 

Ижтимоий тармоқларда Умурзоқовнинг ушбу йиғилишда айтган гаплари туширилган аудио тарқалди.

 У тўрачилик кайфиятидан воз кечолмаётган, оёғи ердан узилган ҳокимлар ва мансабдорлар фаолиятидан норози. Умурзоқовга кўра, айнан шундай лавозим эгалари Президент жамоаси номига доғ туширмоқда. 

Президент Администрация раҳбари ишдан олинган барча ҳокимларга бирма-бир мурожаат қилиб, айбини, хатосини айтаркан, мажлисни тарк этишлари ва гувоҳномаларини ташлаб чиқиб кетишларини буюрди. 

“Мен айтган мутасаддилар микрофон олдига чиқсин: Андижон тумани ҳокими Эгамбердиев, Асака тумани ҳокими Алихонов, Пахтаобод тумани ҳокими Усмонов. Демак, Андижон тумани ҳокими Эгамбердиев жаноби олийлари, айвонда ўтирмаяптиларми селекторда? Мана ҳамма кўрди, бутун дунёга шарманда бўлдик. Айвонда ўтириб олиб, масофани сақлаш баҳонаси. Нимага сектор раҳбарларини олдингизга ўтказиб қўйдингиз масофани сақламоқчи бўлсангиз? Фуқароларга нисбатан ҳурматсизлик, димоғдорлик, кибру ҳаво бу нима деган гап? Бутун жамиятимиз, ижтимоий тармоқда қизғин муҳокама ва эътирозларга сабаб бўлган. Жамоатчилик олдида сиз ўзингизни эмас, Андижон туман ҳокимлигини эмас, бутун давлат тизимини, Президент “команда”сини обрўсизлантиришга олиб келдингиз. Шунинг учун бугун ҳурматли Президентимиз қарор қабул қилдилар, биринчидан, сиз эгаллаб турган лавозимингиздан бугун озод қилинасиз, иккинчисидан, сизнинг бу хатти-ҳаракатингизга ҳуқуқий баҳо берилади. Чиқиб кетинг залдан. 

Асака тумани ҳокими жаноб Алихонов, ер ажратиш масаласида 56 та қарор билан 2390 гектар ер ноқонуний ажратилган. 2021-2022 йилларда, бир ярим йилни ичида ер билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар бўйича 15 та жиноий иш қўзғатилган.

Шунинг учун, бугун ҳурматли Президентимизнинг қарорлари билан сиз ҳам лавозимингиздан озод этиласиз. Чиқиб кетинг залдан, сизнинг хаққингиз йўқ бу залда ўтиришга. 

Пахтаобод тумани ҳокими Усмонов жаноблари, ҳар бир оила тадбиркор дастури доирасида “Барлос асали” фермер хўжалигига чорва ҳайвонлари учун сизнинг топшириғингиз билан 4 миллиард 8 миллион сўмлик 291 та имтиёзли кредит берилган. Ҳозир фуқароларга қўйлар ҳақиқатан етказиб берилганлиги ва бошқа ҳолатлар ўрганиляпти, алоҳида текшириш бўляпти. Бу ўз йўлига, иккита бошқа ҳолатлар исботи, далили, расми, аудиоси билан мени столимда турибди. Бугун ҳурматли Президентимизнинг топшириқлари билан сиз лавозимингиздан озод этиласиз, залдан чиқиб кетинг”, дейди Умурзоқов.

У Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга юзланиб, лавозимидан озод этилган уч туман ҳокими масаласини тезроқ ҳал қилишни, улар бинодан чиқиб кетаётганда гувоҳномасини олиб қўйишни буюрди: 

“Шуҳратбек Қўшоқбоевич, ҳозир мана шу учта ҳокимни масаласини тезкор ҳал қиласиз. Булар ҳозир бинодан чиқиб кетишда гувоҳномасини олиб қўйсин, бинодан шарманда қилиб чиқариб юборилсин, иккинчи яқинлаштирилмасин”. 

Шунингдек, Умурзоқов Фарғона тумани ҳокими Мўминовни ҳам лавозимидан озод қилинганини айтаркан, у билан боғлиқ ҳолатлар бўйича жиноий иш қўзғатилганини урғулади. 

“Фарғона тумани ҳокими Мўминов жаноблари, микрофонга келинг, сиз ҳам жуда яхши биласиз, ҳозир алоҳида жиноят иши қўзғатилган, ер майдонларини ажратиш бўйича қарорлар чиқарилган сизнинг туманингизда. Унумдор бўлган 25 гектардан кўп ер майдонини бириктириш эвазига нималар бўлганини жуда яхши биласиз. Жаноб Мўминов ёзмасангиз ҳам бўлади, китобчангизни ёпинг, ручкангизни киссангизга солинг. Ҳурматли Президентимизнинг бугунги қарорлари билан Фарғона вилояти ҳокими Мўминов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, залдан чиқиб кетинг. Хайрулла Хайитбоевич (Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров – таҳр.), гувоҳномасини топширсин. Ҳали бу жиноий жавобгарликка тортилиш-тортилмаслиги масаласида икки ҳафтада гаплашамиз”, дейди Умурзоқов.

Унинг қайд этишича, тайинланганига 6 ой бўлган ҳоким ҳам аллақачон номига доғ туширишга улгурган.

“Нуробод тумани ҳокими чиқсин, Йўлдошев жаноблари. Янги ҳоким, ярим йил ҳам бўлмади ҳали. Бу киши, менимча, ҳоким дегани зўравонлик қилиши керак, “мен” деб туриб олиши керак, ҳоким дегани тўраларча ёндашиши керак, деб тушунса керак. Ярим йиллик ҳокимимиз мана 23 август куни берилган вазифаларни вақтида бажармаганлигини рўкач қилиб туман ҳокимлиги девонхона бўлими мутахассисига нисбатан жисмоний куч ишлатган. Бечора девонхона ходими хоҳласа ҳам андиша қилгани, тарбияли бўлганидан жавоб қайтара олмаган. Нечанчи асрда яшаяпмиз? Янги Ўзбекистонга муносиб ҳоким шундай бўладими? Идора ва ташкилотлар раҳбарларини, қўл остингиздаги ходимларни фуқаролар олдида турли ҳақоратли сўзлар билан камситишни ўзингизга одат қилиб олгансиз, жаноб Йўлдошев. Ким сизга рухсат берди? Ўзингизга, оилангизга, бутун вилоятга, давлат тизимига иснод келтирдингиз. Ҳамма, ҳар битта айтган ҳақоратомуз сўзларингизни аудиоси ҳам, “расшифровка”си ҳам бор, ҳаммаси турибди. Энг аянчлиси, ачинарлиси ҳурматли Президентимиз ҳам шуни ҳаммасини кўриб, эшитиб жуда ҳам қаттиқ ранжидилар.

Шунинг учун бугун ҳурматли Президентимиз қарор қабул қилдилар, сиз ҳокимлик даражасига муносиб эмассиз. Бугун лавозимингиздан озод этиласиз, залдан чиқиб кетинг. Чиқиб кетаётганида гувоҳномасини олиб қўйинглар”, дейди Умурзоқов. 

Навбат “Ўзбекчорванасл” агентлиги директори Бахтиёр Отамуродовга келди. Унинг хурмача қилиқларидан, хусусан Намангандаги меҳмонхонада жанжал чиқариб, ходимларни ҳақорат қилиб, уларга буюмлар улоқтиргани акс этган видео Президент Администрациясигача етиб борган. 

“Жаноб Отамуродов, “Ўзбекчорванасл агентлиги” директори, каттакон, чиқинг микрофонга. Бутун дунё, десак ҳам адашмаймиз, менга чет элдан ҳам юборишди сизнинг саргузаштларингизни, Telegram орқали юборишди. Наманган вилоятида хизмат сафари давомида ҳоказо-ҳоказо, майли ҳаммани олдида ҳозир айтмайман, нималар қилганингизни ҳамма кўрди. Бу мутлақо давлат органи, яна республика органи раҳбарининг хатти-ҳаракатига, даражасига, лавозимига тўғри келмайдиган ҳолат. Сиз давлат тизимини шарманда қилиб, обрўсизлантирдингиз. Мана ҳаммани олдида туриш муносибми сизга? Ҳурматли Президентимизнинг қарорлари билан сиз ҳам бугун лавозимингиздан озод этиласиз, чиқиб кетинг залдан, гувоҳномасини қўриқчиларга топширсин”, дейди Администрация раҳбари.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+0.97° ҳаво очиқ
Валюта курси
11203.13
USD -9.84
11604.20
EUR -18.04
183.91
RUB 0.29
1