Аввал хабар қилганимиздек, Намангандаги мактабда ўқитувчи ўқувчини калтаклади.
Ҳолат юзасидан Бош прокуратура матбуот хизмати изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 2022 йил 13 октябрь куни Давлатобод туманидаги 58-сонли мактаб ўқитувчиси ўзи раҳбарлик қилиб келаётган синф, яъни 5-В-синф ўқувчиси (2011 й.т.) бошқа ўқитувчиларнинг дарс вақтида ўзининг ноўрин хатти-ҳаракатлари билан қолган ўқувчиларга халақит бериб келаётганлигини эшитиб қолган.
Танаффус пайтида уни тартибга чақирмоқчи бўлганида, ўқувчи синф раҳбарини менсимасдан гап қайтарган.
Шундан сўнг, ўқитувчи жаҳл устида ўқувчининг баданини турли жойларига бир неча маротаба уриб, унга тан жароҳати етказган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш ҳаракатлари Наманган вилояти прокуратураси томонидан назоратга олинган.