ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси берган маълумотга кўра, 12 октябрь куни ИИВга “UzAuto Motors” АЖ раҳбарияти мурожаат қилишган.
Маълум бўлишича Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида жойлашган “START CARS” номли лизинг компанияси “UzAuto Motors” АЖ томонидан ишлаб чиқарилмаган, нархи белгиланмаган “Chevrolet Onix” русумли автомашинани фуқароларга 160.485.577 сўмга сотаётганлигини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Мазкур мурожаатга асосан, 13 октябрь куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, ИЖҚК Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида “Start cars” МЧЖ директори ва жамият менежери Тошкент шаҳар, Юнусобод туманида харидорга “Chevrolet Onix” русумли автомашинани шартнома асосида 2023 йил январь ойига қадар олиб чиқиб бериш эвазига ундан 160.500.000 сўм пулларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушландилар.
Ҳолат юзасидан ИЖҚК Департаментининг Қибрай тумани бўлими томонидан “Start cars” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироз аввал, ҳали савдога чиқарилмаган "Chevrolet Onix" учун шартнома тузиш таклиф қилинаётгани ҳақида огоҳлантириш хабарини берган эдик.