“Қўлимга қалам олиб, юлдузлар устидан араб ҳарфларини юргаздим. Натижада Аллоҳ сўзи келиб чиқди”

ЖАМИЯТ 18.11.2022, 11:02
“Қўлимга қалам олиб, юлдузлар устидан араб ҳарфларини юргаздим.  Натижада Аллоҳ сўзи келиб чиқди”

Биринчи Президент сайтида Ўзбекистон давлат байроғи ҳақида Аброр Хоннинг “Истанбул дафтари” китобидан турк профессори хотираларидан эълон қилинди. 

"Мустақилликнинг дастлабки йиллари давлатлар ўртасидаги алоқалар мисли кўрилмаган даражада самимий ва дўстона тус олди. Мисол тариқасида эслайдиган бўлсак, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Тошкентга келган катта-кичик барча турк делегация аъзоларини шахсан ўзи қабул қилар, уларнинг фикрларини диққат билан тинглар эди. Ана шундай қабуллардан бири ҳақида Истанбул университети профессори, таниқли олим Невзат Ялчинтош шундай сўзлаб берди:

Биз олти нафар меҳмонни Президент олтинчи қаватдаги иш кабинетида қабул этди, биз у кишини бағримизга босиб, озодлик-эркинлик билан табрикладик. У киши ҳам мамнунлигини яширмади. Суҳбат анча узоқ сурди, тилга олинмаган мавзу деярли қолмади.

– Худога беҳисоб шукурлар бўлсин, – дея ҳикоя қилди Президент, – бугун озодмиз. Мен давлат план қўмитаси вазири бўлиб туриб, Ўзбекистонда қанча олтин қазиб олинаётгани тўғрисида маълумотим бўлмасди. Ҳисобот тугул, барча олтинлар Зарафшондан тўғри Москвага олиб кетиларди. Республика хўжалиги учун, тасаввур қилинг, оддий мих ёки гугурт ундириш учун Москванинг рухсатини олиш зарур эди. Кабинетма-кабинет юравериб, ҳолдан тойиб кетардим!

Шундай хотиралардан сўнг Ислом Каримов Москванинг Тошкент бошига солган балоларини бирма-бир санай кетди, ора-сирада Худога шукур, бугун бизга халақит берадиганлар йўқ, деб такрорлашдан чарчамасди.

Турк олимининг хотирлашича, президент янги озод Ўзбекистоннинг байроғи устида бош қотираётганидан оғиз очади. Н.Ялчинтош хафа бўлмасангиз, бу ҳақда ўз фикримни билдирсам, деб, байроқда албатта мусурмон давлати эканини англатувчи ой ва юлдузлар акс этиб туришини тавсия этади.

-Менинг ожизона фикрим билан Ўзбекистон байроғида ўшатимсоллар қўлланди, деб даъво қилолмайман, аммо ҳар сафар бу байроқни кўрганимда Ислом Каримов билан бўлиб ўтган ўша самимий суҳбатни эслаб бир ҳаяжонланиб қўяман. Бу байроқни Истанбул университети профессори Доган Каргюл, давлат раҳбарининг ёрдамчиси бўлиб ишлаб юрган кезларда раҳматли Турғут Озалга кўрсатганида, унинг қўлидан оҳиста олиб, уни уч марта меҳр билан ўпиб қўйганини ҳалиям кўп эслаб тураман, дея илова қилди турк олими.

Домла билан турли тадбирларда кўришиб турар эдим, алоқаларимиз тобора самимийлашиб борди. Орадан йиллар ўтиб, профессор билан суҳбатимиз яна байроқ мавзусига бориб тақалди.

-Ўзбекистондан чиқиб қўшни давлатни мустақиллик билан қутлагани бордик. У республика раҳбарига ҳам Ислом Каримов қабули чоғидаги тавсияларимни тилга олдим. Ўзбек раҳбари мен берган таклифдан хурсанд бўлганини орада қистириб ҳам қўйдим. Ва… афсуски таклифим қабул этилмади!

Ўша давлат байроғида ой ва юлдуз тимсоли акс топмади! Турк профессорининг менга гапириб берган самимий мисолларига мен ҳам жавоб қайтаргим келди.

Суҳбатдошимнинг эътиборини байроғимиздаги юлдузларнинг жойлашганига қаратдим. Қўлимга қалам олиб, ҳатто чизиб ҳам кўрсатдим. Кейин қаламни юлдузлар устидан араб ҳарфларини юргаздим.  Натижада – араб тилида АЛЛОҲ сўзи келиб чиқди!

Домла ўрнидан ирғиб туриб мени қучоқлаб олди. “Баракалла, баракалла, Ислом Каримовнинг мардлигига ҳеч қачон шубҳа қилмаган эдим. Бу ишлари учун Ўзбекистон албатта баракотли юрт бўлади, иншааллоҳ”, деб дуога қўл очди".

Мавзуга доир:

Ислом Каримов ўз қўли билан чизиб, комиссияга тақдим этган... Ўзбекистон давлат байроғи яратилиш тарихини биласизми?

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
+0.97° ҳаво очиқ
Валюта курси
11203.13
USD -9.84
11604.20
EUR -18.04
183.91
RUB 0.29
1